Иқтисодиёт | 19:52 / 07.11.2020
18053
3 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон «Лукойл»дан 5 млрд куб метр газ сотиб олган – Энергетика вазирлиги

2020 йилда Ўзбекистон «Лукойл» компаниясидан бирламчи 5 млрд куб метр газни келишилган нархда сотиб олган.

Энергетика вазири ўринбосари Беҳзод Норматов Ўзбекистон «Лукойл»дан қанча ҳажмда газ қандай нархда олиниши ҳақидаги саволга жавоб қайтарди.

«Ҳақиқатан ҳам шарқий йўналишдаги экспорт маршрутларимизда, яъни асосий истеъмолчимиз Хитойда пандемия туфайли талаб камайганлигига экспортимиз ҳам қарийб 5 бараварга камайди. «Лукойл» бу йўналишда экспортини тўхтатгани йўқ. Менимча, маълумот тўғри эмас.

«Лукойл» давлат корхонаси, ижтимоий корхона эмас. Агар унга экспорт қилиш ўша нархлардами, ёки бўлган ҳажмда ҳам экспорт қилиш арзон тушадиган бўлса, ички бозорга ўзига маъқул бўлмаган нархларда сотиш керак бўлса, у ўз-ўзидан қисқартириб, минимал даражада ушлаб туришга қарор қилди. Лекин биз бунга қарамасдан «Лукойл» компанияси билан музокаралар олиб бориб, бу нарсани ички бозоримизга йўналтиришга ҳаракат қилдик. Экспорт ҳажмлари билан экспорт нархлари бу – конфеденциал маълумот. Чунки шартномаларда нархлар компаниялар орасидаги ўзаро келишув орқали маълум қилинмайди, чунки ички маълумот.

Лекин Ўзбекистон республикасига бу йил «Лукойл» компаниясидан бирламчи 5 млрд куб метр газ келишилган нархда сотиб олинган. Албатта, бу экспорт нархида эмас, экспорт нархидан анча паст нархда сотиб олинган. «Лукойл» компанияси билан келишув бор. Агар яна қўшимча талаб керак бўладиган бўлса, келишилган нархларда ички бозорга йўналтиришимиз мумкин.

«Лукойл»дан ички бозорга йўналтириш натижасида ерости сақлаш мажмуалари бор. Андижон вилоятида Хўжаобод ерости сақлаш ҳамда Бухорода Газли ер ости сақлаш корхоналари бор. Уларни режадан аввал керакли миқдорда (бунгача бундай тўлдирилмаган эди) тўлдириб, қиш мавсумида ишлатишга тайёрлаб қўйдик», деди Беҳзод Норматов «Энергетика тизимидаги энг сўнгги янгиликлар, куз-қиш мавсумига кўрилаётган чоралар» мавзусига бағишланган матбуот анжуманида.

  • 2019 йил мартида «Лукойл» томонидан ички бозорга йилига 5 млрд куб метр газни 12,5 фоизлик чегирма билан олдиндан тўловнинг ўртача ҳисобланган экспорт нетбэки бўйича етказиб берилиши тўғрисидаги келишувга эришилганди.
  • 2020 йилнинг августида «Лукойл» компанияси коронавирус сабаб Хитойда газга бўлган талаб камайиб кетгани боис Ўзбекистонда газ қазиб олишни лойиҳа қувватидан 40 фоизга қисқартиргани маълум қилинганди.
  • 2020 йилнинг октябрида ўтказилган йиғилишда президент Шавкат Мирзиёев табиий газ қазиб олишни кўпайтириш ва ички бозорга қўшимча газ етказиб бериш бўйича топшириқлар берганди. 

Мавзуга оид