Берлиндаги Тегель аэропорти 60 йиллик фаолиятдан кейин ёпилди
8 ноябрда Берлиндаги Тегель аэропортидан охирги самолёт ҳавога кўтарилди. Берлинда Вилли Брандт номидаги янги Берлин-Бранденбург (BER) халқаро аэропорти очилгани муносабати билан замонавий талабларга жавоб бермай қолган Тегелни 60 йиллик фаолиятдан кейин ёпишга қарор қилинди.
Аэропортдан охирги рейсни Air France авиакомпаниясининг самолёти Парижга амалга оширди. Айнан ушбу авиакомпания 60 йил аввал Тегелга биринчи тижорий рейсни амалга оширган. Берлин совуқ уруш даврида Франция, АҚШ, Британия ва собиқ иттифоқ секторларига бўлинганда, ушбу давлатлардан ҳар бирининг шаҳарда ўз аэропорти бўлган.
Охирги рейсни бажарган самолёт тантанали равишда кузатиб қўйилди. У учиш-қўниш йўлагига аэродром машиналари кортежи ҳамроҳлигида келтирилган.
Аэропортнинг парвозларни бошқариш хизматлари маҳаллий вақт билан соат 19:45да расман фаолиятини тўхтатган.
Бир кун аввал, 7 ноябрда эса авиакомпаниялар Тегелдаги самолётларини янги Берлин-Бранденбург аэропортига кўчириб ўтказган.
Тегель 1948 йилда Ғарбий Берлиннинг собиқ иттифоқ томонидан блокада қилинишига жавобан қурилган. Ўшанда Ғарб давлатлари шаҳарнинг ушбу қисмига зарур маҳсулотларни фақатгина ҳаво орқали етказган. Аэропортда биринчи тижорий рейслар эса 1960 йилдан амалга оширила бошланган. Ўшанда Air France Тегелга мунтазам рейсларни бажаришни бошлаган.
Берлин раҳбарияти аэропортни 2011 йилдаёқ ёпишни режалаштирган, бироқ янги аэропорт очилиши чўзилиб кетгани сабабли ундан яна 9 йил давомида фойдаланишга тўғри келган.
Тарихга айланувчи аэропорт эндиликда шаҳар технологиялари илмий-саноат паркига айлантирилади. Бироқ Тегель янги аэропортда муаммолар юзага келиши ҳолатига яна ярим йил захирада ушлаб турилади.
Аввалроқ, 31 октябрда Берлинда 14 йиллик қурилишдан кейин янги Берлин-Бранденбург (BER) халқаро аэропорти очилганди.