Жаҳон | 15:43 / 09.11.2020
6782
2 дақиқада ўқилади

Тбилисида юз берган тўқнашувларда 30га яқин киши жароҳатланди

Грузия Ички ишлар вазири ўринбосари Каха Сабанадзенинг маълумот беришича, 14 нафар полициячи, уч нафар журналист ва намойишнинг ўнга яқин иштирокчилари жароҳатланди.

Фото: AP

Душанбага ўтар кечаси Тбилиси полицияси ходимлари мухолифат тарафдорларининг Грузия Марказий сайлов комиссияси биносига бостириб киришга уриниши вақтида 19 кишини қўлга олди. Бу ҳақда мамлакат Ички ишлар вазирлиги хабар берди.

Хабарда айтилишича, парламент сайлови натижаларидан норози бўлган мухолифат тарафдорларининг норозилик намойишлари чоғида юз берган тўқнашувлар натижасида 30га яқин киши жароҳат олган.

“Тош ва бошқа буюмлар улоқтирган бир гуруҳ шахсларнинг тажовузкор ҳаракатлари давомида 14 полициячи, уч журналист ва намойишнинг ўнга яқин иштирокчилари жароҳатланди. Уларнинг барчасига тегишли тиббий ёрдам кўрсатилди, айримлари шифохонага олиб кетилди”, – деди Грузия Ички ишлар вазири ўринбосари Каха Сабанадзе.

Унинг қайд этишича, қўлга олинганларга нисбатан оммавий тартибсизликлар уюштириш айблови бўйича суриштирув бошланган.

Фото: REUTERS/Irakli Gedenidze
Фото: Название

Хабарларга кўра, душанбага ўтар кечаси Грузия Марказий сайлов комиссияси биноси яқинига мухолифатнинг бир неча юз нафар тарафдорлари тўпланган, уларнинг бир қисми ўзини тажовузкорона тутган. Полиция намойиш иштирокчиларига қарши сув пуркайдиган воситаларни қўллашга мажбур бўлган.

Мухолифат 31 октябрда бўлиб ўтган парламент сайлови натижаларини бекор қилиш ва қайтадан сайлов ўтказишни талаб қилмоқда.

Мавзуга оид