Ўзбекистон | 09:07 / 10.11.2020
22882
2 дақиқада ўқилади

Автомобил олд қисмига монитор ўрнатганлик учун белгиланган маъмурий жавобгарликни бекор қилиш таклиф этилди

Транспорт воситаси салонининг олд қисмига монитор ўрнатганлик учун белгиланган маъмурий жавобгарликни бекор қилиш таклиф этилмоқда. “Менинг фикрим” жамоавий мурожаатлар порталида тегишли петиция жойлаштирилди.

Фото: Tesla

Ўзбекистонда ишлаб чиқарилаётган Lacetti ёки Nexia-3, Cobalt ва Spark автомобилларига ишлаб чиқарувчи завод томонидан замонавий GPS-навигаторли ёки Android дисплэйли мосламалар ўрнатилмаган. Ҳозирги замонавий Tesla автомобилининг салони олд қисмида фақатгина битта катта 17 дюймли монитор ўрнатилган бўлиб, барча бошқарув шу монитор орқали акс этади, дейилади мурожаатда

“Бизда аксарият автомобилларга ўрнатиш мумкин эмас. Ҳайдовчиларимиз томонидан ўзларига қулайлик яратиш мақсадида ўрнатилганида ҳам бу қоидабузарлик ҳисобланади. Чунки, бу Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 128-2-моддаси иккинчи қисми билан тақиқланган. 

Ахир, нима учун? Биз замонавий қурилмаларни ўз пулимизга сотиб олиб ҳам фойдалана олмаслигимиз учунми ёки ҳайдовчиларга жарима солиш учунми? Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 128-2-моддаси иккинчи қисмида шундай баён этилган: “Транспорт воситаси салонининг олд қисмига ўзбошимчалик билан монитор (дисплей) ўрнатиш — базавий ҳисоблаш миқдорининг икки баравари миқдорида жарима солишга сабаб бўлади”. 

Агар монитор (дисплей) ишлаб чиқарувчи завод томонидан ўрнатилган бўлса, жаримага тортилмайди. Қани, мантиқ? Фуқаролар томонидан ўзлари сотиб олиб ўрнатишларига рухсат йўқ. Ўрнатилган тақдирда ҳам ДЙҲХБ ходимлари томонидан жаримага тортилишига сабаб бўлади. Ҳозирги премиум тоифадаги барча автомобиллар мультимедиа дисплейли мониторлар билан жиҳозланган. Бу, ўз навбатида, GPS-навигатордан фойдаланишда бир қатор қулайликларни яратади”, - деб ёзади петиция муаллифи.

Юқоридагиларга асосланган ҳолда, халқ учун янада қулайликлар яратиш мақсадида Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 128-2-моддаси иккинчи қисмида назарда тутилган транспорт воситаси салонининг олд қисмига монитор (дисплей) ўрнатганлик учун белгиланган маъмурий жавобгарликни бекор қилиш таклиф этилмоқда.

Мавзуга оид