Ўзбекистон | 19:35 / 10.11.2020
16372
7 дақиқада ўқилади

«Меҳрибонлик уйи – кам таъминланган оила фарзандлари яшайдиган жой эмас» — Дилшод Кенжаев

9 ноябрь куни Тошкентда Сенатнинг Фан, таълим ва соғлиқни сақлаш масалалари қўмитаси мажлиси бўлиб ўтди. Унда Халқ таълими вазири ўринбосари Дилшод Кенжаев меҳрибонлик уйларидаги айрим муаммолар ҳақида гапирди.

Дилшод Кенжаевнинг сўзларига кўра, тизимдаги оғриқли муаммолардан бири – кўплаб кам таъминланган оилалар фарзандларини меҳрибонлик уйларига ташлаб кетаётганидир. Шунингдек, меҳрибонлик уйидаги боласига уй ва ёрдам пуллари берилгач, уларнинг ота-оналари қайтиб келиб, яна у билан бир оила бўлиб яшаётган ҳолатлар кўп учрамоқда.

«Меҳрибонлик уйи – кам таъминланган оила фарзандлари яшайдиган жой эмас. Озодликдан маҳрум этилганлар фарзандларини, майли, уч йил, тўрт йил, балки беш йил бўлар, ушлаб турамиз. Ногирон оилалар фарзандларини ҳам уларга ёрдам сифатида боқиб, тарбиялаймиз. Лекин кам таъминланган оилалар фарзандларини бу ерга ташлаб кетиши нотўғри. Ахир, фарзанд дунёга келдими, ота-она уни боқиши керак-ку!

Эртанги муаммо нимада? Хўп, биз бу болаларга меҳр берармиз, катта қилармиз ва ишга ҳам ўргатармиз, лекин улар оила нималигини, ота-она кимлигини билишмаяпти.

Эртага фарзанд кўрса, кечирасизлар-у, ҳатто уни эмизишни ҳам билмаяпти у ерда ўсган қизларимиз. Чунки бу нарсаларни меҳрибонлик уйида ўргата олмаймиз. Оилада ўрганади буларнинг ҳаммасини. Чақалоқнинг бешигини тебратишни оилада ўрганади. Биз меҳрибонлик уйига чақалоқ олиб келиб, у ердаги қизларга бешик тебратишни ўргата олмаймиз.

Дилшод Кенжаев 

Бизни қийнаётган нарса – ярим етимлар: отаси ёки онаси вафот этганлар. Уларнинг сони ҳозирда 506 нафар. Яъни уларнинг ҳам отаси ёки онаси бор.

Бизни бундан-да қийнаётган масала, 770 нафар бола оталик ва оналик ҳуқуқидан маҳрум этилганларнинг фарзандларидир. Бу болалар 11-синфни битирганидан кейин, етим болалар статусига тушади. Шу сабаб уларга бериладиган барча имтиёзлардан фойдаланишади. Уй олганидан кейин уларнинг ота-онаси яна қайтиб келяпти.

Бундай ҳолат, айниқса, Жиззах вилоятида жуда кўп кузатилмоқда. Ота-она тирик, аммо фарзанд боқишни хоҳламайди. Уни меҳрибонлик уйига бериб қўйяпти. Бола катта бўлиб, ўқишга кириб, уй олганидан кейин, яна ўқишни битириб БҲМнинг 105 баробари (23,4 млн сўм) ёрдам пулини олганидан сўнг, оила бирлашиб кетяпти.

Ҳозирда [Қашқадарё вилояти] Қамаши туманидаги меҳрибонлик уйида 76 нафар бола бўлса, шундан 11 нафари – чин етим. 26 нафари – кам таъминланган оилалар фарзандлари, уларнинг ота-онаси ҳаёт. 15 нафари – ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум бўлган оилалар фарзандлари, буларнинг ҳам кўпчилигининг ота-онаси ҳаёт.

Масалан, Китоб туманидаги меҳрибонлик уйида 68 нафар бола тарбияланади. Шундан 12 нафари чин етим, 20 нафари эса кам таъминланган оилалар фарзандлари. Бу болалар ўзининг оиласида яшаши керак.

Охирги пайтлардаги имтиёзлар кўпчиликнинг кўзини парда билан тўсиб қўйганга ўхшайди. У ўйлайдики, боласини меҳрибонлик уйларига олиб борса, ўша имтиёзлардан фойдаланади. Боласини ўша ерга бериш орзу-ҳавас бўлиб қоляпти», – деди халқ таълими вазири ўринбосари.

Дилшод Кенжаев кам таъминланган оилалар фарзандларини меҳрибонлик уйига ташлаб кетиши, кўп инсонлар етим қолган болани тўғри меҳрибонлик уйига олиб келиши каби масалаларга бир нечта ечимлар келтирди.

Унинг айтишича, биринчи ечим – бандликни таъминлашда. Иккинчиси, ҳокимиятнинг қарор қабул қилиш йўналишини ўзгартиришда. Яъни меҳрибонлик уйига келгунича ҳам болани тарбиялашга топширишнинг бир неча босқичлари борлигини тушунтириш зарур.

«Меҳрибонлик уйига жойлаштириш биринчи навбатда ҳоким қарори асосида бўлади. Ҳозирда 235 нафар кам таъминланган оила фарзандлари меҳрибонлик уйларида яшамоқда. Уларнинг отаси ҳам, онаси ҳам бор. Агар биз масъул идоралар билан биргаликда уларни иш билан таъминлаб иқтисодий жиҳатдан ёрдам берадиган бўлсак, бу болалар ҳам ўз уйида тарбияланади.

Аслида, меҳрибонлик уйида жуда ҳам кам сонли болалар бўлиши керак. Бизда болани етим қолса, қаерга жўнатиш бўйича 5та йўналиш мавжуд. Биринчиси – васийлик ва ҳомийлик. Агар бола 14 ёшгача бўлса, уни қариндоши ёки қўшнисига ҳомийликка берилади; агар 14 ёшдан юқори бўлса, васийликка берилади.

Кейинги вариант – бу фарзандликка бериш. Бугунги кунда бизнинг васийлик ва ҳомийлик органларимизда 66 минг бола рўйхатда турибди. Шунинг 32 минг нафари фарзандликка берилган.

Яна бир йўналиш, бу – патронат. Яъни маълум бир оила етим қолган болани меҳрибонлик уйидан ўз тарбиясига олса, унга давлат томонидан ҳар ойда 855 минг сўмдан пул тўлаб берилади. Ўйлаб қаралса, қишлоқ жойда ана шунча пулни ишлаб топишни ўзи бўлмайди.

Агар юқоридаги йўналишларда жой топилмаса, шундагина болани меҳрибонлик уйига жойлаштиришимиз керак. Минг афсуслар бўлсинки, ҳокимиятимиз биринчи навбатда ана шу охирги йўналишни қўллаб-қувватлаяпти.

Битта болани меҳрибонлик уйида тарбиялаш бир ойда 2,5 млн сўмга тушади. Патронатга берсак, 855 минг сўм. Унисиям, бунисиям давлат бюджетидан кетяпти. Қайси бири бизга маъқулроқ? Бу ерда гап фақатгина арзонлигида эмас, бола оилада тарбия олгани маъқулроқ. Чунки оилада бола отани кўряпти, онани кўряпти, бирга бозорга боряпти, бирга маҳаллага чиқяпти. Албатта, бу жараёнлар унинг таълим-тарбиясида ўзини ижобий таъсирини кўрсатади. Меҳрибонлик уйида эса ундай эмас. У ерда жамоа бўлиб яшашяпти. Албатта, улар битирганидан кейин ҳаётга кўникиши жуда қийин бўляпти.

Биз меҳрибонлик уйи болаларини бошқа болалардан ажратмаймиз. Кийимини ҳам барча ўқувчилар билан бир хил қиламиз. Бир вақтлар алоҳида, бир хил кийим кийдириб қўярдик. Уларни ҳатто мактаб ўқитувчилари ҳам «деддом»ни болалари дейишарди. Бу жудаям ёмон нарса. Биз ҳозир шу ҳолатни йўқ қилишга эришдик. Яъни «деддом»ни боласи деган сўздан қочишимиз керак. Улар ҳам ўзимизнинг фарзандларимиз. Фақатгина ҳаёт тақозоси билан қайсидир бирининг ота-онаси вафот этган, бошқа бирининг ота-онаси тирик бўла туриб ташлаб кетди. Қайсидир бири қамалиб қолди ёки ногирон бўлгани учун боласи шу ерда юрибди», – дея таъкидлади Дилшод Кенжаев.

Мажлисда 2019 йилда меҳрибонлик уйида тарбияланаётган, лекин ота-онаси бор 306 нафар бола уйларига қайтарилгани маълум қилинди.

Айтилишича, Самарқанд вилоятидаги иккита меҳрибонлик уйидан бири ёпилган. Айни пайтда республикадаги 2047 нафар тарбияланувчидан чин етимлари сони 316 нафарни ташкил этади.

Мавзуга оид