Ўзбекистон | 11:26 / 12.11.2020
4848
2 дақиқада ўқилади

Имом Мотуридий илмий-тадқиқот марказининг ишлаш тартиби белгиланди

Вазирлар Маҳкамаси “Ўзбекистон халқаро ислом академияси ҳузуридаги Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот маркази фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида” қарор қабул қилди.

Ҳужжат президентнинг “Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот марказини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида” 2020 йил 11 августдаги ПҚ-4802-сон қарорига мувофиқ қабул қилинган.
 
Norma’нинг ёзишича, қабул қилинган қарор билан Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот марказининг тузилмаси ва устави тасдиқланди.
 
Ўзбекистон халқаро ислом академияси ректорига, зарур ҳолларда, Имом Мотуридий ИТМ тузилмасига ходимларнинг умумий чекланган сони ҳамда меҳнатга ҳақ тўлаш фонди доирасида ўзгартиришлар киритиш ҳуқуқи берилди.
 
Академияга Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита, Ўзбекистон мусулмонлари идораси ва Фанлар академияси билан биргаликда бир ой муддатда Марказга юқори малакали мутахассисларни жалб этиш чораларини кўриш топширилди.
 
ОЎМТВ, Маданият вазирлиги ҳамда Фанлар академиясига буюк аждодларимиздан қолган ёзма манбалар бўйича мақсадли илмий тадқиқотларни амалга ошириш учун Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик институти, олий таълим муассасалари ва музей фондларида сақланаётган қўлёзма ҳамда тошбосма манбаларнинг факсимиле, фото, сканер нусхалари билан Марказни бепул таъминлаш топширилди.
 
Академия, Дин ишлари бўйича қўмита ва Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг академия таркибидаги Илмий тадқиқотлар ва инновацион лойиҳалар марказини тугатиш ва унинг мавжуд моддий-техника базасини белгиланган тартибда Марказга бериш тўғрисидаги таклифи маъқулланди.
 
Марказ академиянинг Тошкент шаҳар, Шайхонтоҳур тумани, Абдулла Қодирий кўчаси, 11-уй манзилидаги биносида текин фойдаланиш ҳуқуқи асосида жойлаштирилади.
 
Белгиланишича, Марказ илмий ходимларига Вазирлар Маҳкамасининг “Илмий ходимлар меҳнатини янада рағбатлантириш чора-тадбирлари тўғрисида” 2009 йил 18 августдаги 233-сон қарори татбиқ этилади.
 
Ҳужжат 7.11.2020 йилдан кучга кирди.

Мавзуга оид