Ўзбекистон | 15:16 / 13.11.2020
22685
4 дақиқада ўқилади

«Миллий ўқув дастури асосида мавзулар сони 40 фоизга қисқариши кутилмоқда» – Республика таълим маркази

Республика таълим маркази директори Шуҳрат Сатторов янги миллий ўқув дастурининг аввалгиларидан фарқи ҳақида маълумот бериб, бу дастурга кўра сонга эмас, сифатга эътибор қаратилишини билдирди.

«Таҳлилларга диққат қаратсак, 2018 йилга қадар умумтаълим мактабларида 23та фан ўқитилган бўлса, ўтган икки йил мобайнида фанлар сони мақбуллаштирилиши эвазига бу миқдор 17тага туширилди. Халқаро тажрибага назар ташлайдиган бўлсак, мисол учун, Буюк Британияда ўқувчилар умумтаълим даврида 6тадан 12тагача фанни ўзлаштиришади.

Фанлар сони кўплиги ўқувчининг фанни ўзлаштириши учун ажратадиган вақт меъёрини ошириб юборади. Масалан, умумтаълим мактабларида 5-6та фан учун ҳар куни ўртача 4,5 ёки 5 соат вақт ажратилади.

Ўқувчи дарсда ўтилган фанлар юзасидан уйда тайёрланиши учун ҳар бир фанга тахминан 20-30 дақиқадан вақт ажратади. Яъни уйга вазифани бажариш учун ўқувчи ўртача 2-3 соат вақт ажратади. Агар унга кўмаклашувчи шахс бўлмаса, ўқувчидан уйга вазифани бажариш янада кўпроқ вақтни талаб этади.

Гувоҳи бўлганимиздек, ўқувчи ҳар куни 7-8 соат вақтини ўқув фанини ўзлаштиришга сарфламоқда.

Халқаро тажрибада, мисол учун, Финландия тажрибасига кўра, ўқувчилар ҳар куни фанларни ўзлаштириш учун 4 соат ажратади.

Ўқув дарслари ва ўзлаштириш соатлари ортиб кетиши натижасида:

  • Ўқувчи мавзуларни ўзлаштиришга улгурмайди;
  • Бу эса унинг фанга нисбатан қизиқишини сусайтиради;
  • Натижада ўқувчи дарсдан безиб, ўзлаштириш учун ички рағбат топмайди;
  • Шунингдек, ўқувчида ўзининг қизиқишлари, қўшимча машғулотлар учун вақт ажрата олмайди.

Ўзбекистон президентининг 2020 йил 6 ноябрдаги «Ўзбекистоннинг янги тараққиёт даврида таълим-тарбия ва илм-фан соҳаларини ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармони асосида таянч ўқув режасини такомиллаштириш ҳамда ўзаро узвий боғлиқ фанларни бирлаштириш ҳисобига уларнинг сонини оптималлаштириш белгиланди. Бунда кўзланган асосий мақсад энди сонга эмас, сифатга урғу бериш, турли фанлардаги такрорларнинг олдини олишдан иборат.

Таҳлилларга кўра, амалдаги ўқув дастури асосида ўқувчиларга ҳафтасига ўртача 33та янги мавзу ўтилади. Бу - ўқувчи бир ҳафта мобайнида 33та мавзуни ўзлаштириши керак дегани. Амалдаги ўқув дастури асосида яратилган фанлар ўртасида ўзаро уйғунлик - интеграция мавжуд эмаслиги ҳисобига ўқувчилар олган билимларни мантиқан боғлай олмайди. Натижада дарсда олган билимини ҳаётдаги вазиятларда қўллай олиш кўникмаси ривожланмай қолади.

Амалдаги дастурда ўқувчилар 1-синфдан 11-синфга қадар 6790та мавзуни ўзлаштириши керак. Миллий ўқув дастури асосида мавзулар сонини 40 фоизга қисқариши кутилмоқда», деди Шуҳрат Сатторов.

У мавзулар такрорий эмас, бир-бирини мантиқан давом эттирувчи тарзда киритилишини таъкидлаган.

«Аввалги ўқув дастурлари мазмуни 90 фоиз назариядан иборат бўлиб, ўқитиш методикаси ёдлатишга йўналтирилган. Янги Миллий ўқув дастури мазмуни 50 фоиз назария, 50 фоиз амалиётдан иборат бўлади ва бу ўқувчининг мустақил фаолиятини қўллаб-қувватлашга қаратилган.

Ўқув дастурларида баҳолаш эса фақат эслаб қолган билимлар ҳажмини аниқлаган. Янги дастур асосида ўқувчиларда шаклланган кўникмалар баҳоланади. Фанлар сони ва ўқув юкламалари оптималлаштирилиб, ўқувчилар қизиқишига кўра фанларни танлаб ўқиш имконини берувчи вариатив ўқув дастурлар асосида ҳаётга ва касбий фаолиятга тайёрлаш имкони яратилади.

Миллий ўқув дастури асосида фанлар чизиқли тартибда эмас, спиралсимон тарзда ўқитилади. Яъни мавзулар такрорий эмас, бир-бирини мантиқан давом эттирувчи ҳамда соддадан мураккабга томон йўналтирилган тарзда киритилади», деди у.

Мавзуга оид