Фарғона туманидаги 33-мактаб жамоаси бундан 3 йил аввал 1 гектарга яқин майдонга интенсив олма кўчати эккан эди. Яхши ниятда бунёд этилган боғ бугун мева беришни бошлади. Олмалар айни пайтда ғарқ пишган. 5 тоннадан ортиқ ҳосилдан 40 млн сўм даромадни кўзлаётган мактаб маъмурияти иқтидорли ўқувчиларни рағбатлантиришни йўлга қўймоқчи. Ўтган йиллардаги даромад эса кам таъминланган оила ўқувчиларини даволашга сарфланган.
Ҳосил бу йил анча мўл...
“Олмалар ҳосилга кирди. Аввал бўш турган ерга ўрик экилган эди, аммо ер сувсиз бўлгани учун яхши ҳосил бермаганди.


Меҳнатимизнинг роҳатини бирга кўряпмиз. Режамиз 5 тоннадан ортиқ олма ҳосилини олиш, Худо хоҳласа. Ёш болалар олма сўраб ёнимга келишади, улар олма еяётганини кўриб ўзимнинг ҳам завқим келади. Шу билан чарчоқларим ҳам чиқиб кетади.

Икки йилдан бери боғдан келаётган даромадни иқтидорли болаларнинг рағбатлантиришга сарфлаяпмиз. Анча даромадга кириб қолганмиз, шукур. Ҳосил бу йил анча мўл”, – дейди мактаб боғбони Абдусоли Яҳудаев.
Бундай даромадни кутмаган эдик...
“Бундан 3 йил аввал мактабда боғ яратишни режа қилган эдик ва ҳозир бу лойиҳадан анча даромад оляпмиз. Эккан олмаларимиз ноябрда пишиб етилар экан. Мактабимиз қизил рангга бурканган.

5 тоннадан ортиқ ҳосил олишни режалаштириб турибмиз. Олинадиган даромадни иқтидорли болаларнинг келажаги учун сарфлашни, турли касаллиги бор болаларнинг даволанишлари учун маблағ ажратишни режалаштирмоқдамиз.
Интенсив боғ 1 гектар майдонда ташкил этилган, ўтган йилги ҳосил даромади бемор болаларнинг даволаниши учун ажратилди ва уларнинг врач кўригига боришдан тортиб даволаниш сарф-харажатларигача мактаб томонидан қопланди. Бундан бутун жамоамиз миннатдор.












