Жаҳон | 11:11 / 13.11.2020
10493
2 дақиқада ўқилади

Трамп 2024 йилги президент сайловларида иштирок этиши мумкин 

Фото: The New Yorker

АҚШ президенти Доналд Трамп 2020 йилги президент сайловларида Жо Байден ғалаба қозонгани расман тасдиқланса, 2024 йилги сайловларда иштирок этишини эълон қилиши мумкин. Бу ҳақда вазиятдан хабардор манбаларга таяниб The New York Times нашри хабар берди. 

Нашр маълумотларига кўра, Трампнинг баъзи маслаҳатчилари президент жорий ҳафтанинг охиригача ўз мағлубиятини тан олиши мумкинлигини маълум қилишган. Бироқ Трампнинг бу борада қарор қабул қилиши Жоржия штатида овозлар қайта ҳисобланиши ортида чўзилиши мумкин. 

Таъкидланишича, Трамп ўз маслаҳатчилари билан суҳбатда Байден ғалабаси расман эълон қилинса, 2024 йилги президент сайловларига номзодини илгари суриши мумкинлигини маълум қилган. Ўша вақтга келиб Трамп 78 ёшда бўлади. Суҳбат чоғида Трампнинг баъзи маслаҳатчилари унга 2020 йилги сайловлар тақдирини ўзгартиришга имконият озлигини маълум қилишган. Уларнинг айтишича, амалдаги президентда сайловлар натижалари бўйича даъволашиш юзасидан аниқ стратегия йўқ ва у барчаси тугаганини англамоқда. 

Шу билан бирга, амалдаги президент жорий сайловлар натижаларидан қатъи назар, республикачи сайловчилар орасида ўз позицияларини мустаҳкамлаб олмоқчи.

АҚШ тарихида президент иккинчи муддатга қайта сайлана олмай, бироқ 4 йил ўтгач яна президент бўлган воқеа аввал бўлган. АҚШнинг 22-президенти,  демократ Гровер Кливленд 1888 йилда республикачи Бенжамин Гаррисонга сайловларни ютқазган, бироқ 1892 йилги сайловларда яна ғалаба қозониб, президент номини ўзига қайтара олган. Кливленд АҚШ тарихида бунга эришган ягона президент ҳисобланади.

Мавзуга оид