Ўзбекистон | 18:59 / 14.11.2020
33794
2 дақиқада ўқилади

«Ипотека банк» кассири аҳолининг банкдаги тўловларини кирим қилмай, ўзлаштириб юборгани аниқланди

«Ипотека банк» Қорақалпоғистон Республикаси филиалининг Мажбурий ижро бюроси Тўрткўл тумани бўлими биносида жойлашган 32-сонли касса назоратчиси 104,3 миллион сўмни ўзлаштириш ва растрата қилиш йўли билан талон-торож қилгани аниқланган.

«Ипотека банк» Қорақалпоғистон Республикаси филиалининг Мажбурий ижро бюроси Тўрткўл тумани бўлими биносида жойлашган 32-сонли касса назоратчиси Ў.Р. 2017 йил июлидан эътиборан бир йил оралиғида 104 миллион 355 минг сўм маблағни ўзлаштириб, растрата йўли билан талон-торож қилгани аниқланган. Бу ҳақда Kun.uz мухбири Бош прокуратура маълумотига таянган ҳолда хабар қилади.

Таъкидланишича, кассир Ў.Р. Бюронинг Тўрткўл тумани бўлими давлат ижрочиси ва суриштирувчилари томонидан суд ва бошқа органларнинг ижроси тамомланган жами 421та ижро ва маъмурий иш материалларидаги маъмурий жарима ҳамда таъминотчи корхоналарга етказилган зарар, тармоққа қайта уланиш каби фуқаролар томонидан амалга оширилган тўлов маблағларни ўзлаштирган.

Бош прокуратуранинг Kun.uz’га маълум қилишича, кассир Ў.Р. Жиноят кодексининг 167, 208 моддаларида назарда тутилган жиноятларни содир этишда айбланиб, суд ҳукми билан жазога тортилган.

Аввалроқ, ушбу ҳолат бўйича «Ипотека банк» бошқарув раиси Шуҳрат Отабоев коррупция масалаларига бағишлаб ўтказилган йиғилишда муносабат билдирганди.

Шуҳрат Отабоев

«Минг афсуски, шундай ҳолат учраб турибди», — дея олган Отабоев. 

Мавзуга оид