Жаҳон | 23:01 / 16.11.2020
5056
2 дақиқада ўқилади

ЖСТТда пандемия устидан ғалаба қозониш учун вакцинанинг ўзи камлик қилиши айтилди

Коронавирусга қарши вакцинанинг пайдо бўлиши вирус тарқалишини назоратга олишга имкон беради, бироқ пандемияни йўқ қилиш учун етарли бўлмайди. Бундай фикрни ЖССТ бош директори Тедрос Адханом Гебрейесус билдирди.

Фото: Reuters

“Пандемия бошидан бери вакцина уни назорат остига олиш учун ҳал қилувчи аҳамият касб этишини билгандик. Бироқ айтиш жоиз, вакцина бизда мавжуд бошқа дастакларга қўшимча бўлади, бироқ уларнинг ўрнини босмайди”, деб ёзган ЖССТ раҳбари твиттерда.

Унинг таъкидлашича, пандемияни тўхтатиш учун кузатув олиб бориш, тестлар ўтказиш, даволаш, ўзини яккалаш, карантин ҳамда одамларни огоҳ бўлишга чақиришни давом эттириш лозим. 

“Коронавирусга қарши вакциналар дастлаб чекланган миқдорда етказилади, бунда устуворлик тиббий ходимлар, кексалар ва аҳолининг хавф гуруҳига кирувчи бошқа тоифаларига берилади”, деб қўшимча қилган Гебрейесус.

“Бу, умид қилишимизча, ўлимлар сонини камайтиришда, соғлиқни сақлаш тизимига ўз вазифаларини уддалашда ёрдам беради, бироқ вирус тарқалиши учун барибир кўп имкон қолади”, деб огоҳлантирган Гебрейесус.

Айни вақтда дунёда коронавирусга қарши бир нечта вакцина ишлаб чиқилган. Улардан баъзилари синовларнинг якуний босқичидан ўтказилмоқда. Жумладан, Россиянинг коронавирусга қарши биринчи вакцинаси “Спутник V”нинг самарадорлиги 92 фоизга баҳоланган, АҚШ ва Германиянинг Pfizer ва BioNTech компаниялари вакцинаси эса 90 фоиздан кўпроқ, АҚШнинг Moderna компанияси вакцинаси эса 94,5 фоиз самарадорлик кўрсатган.  

Мавзуга оид