Ўзбекистон | 22:30 / 16.11.2020
19323
3 дақиқада ўқилади

Тошкентга студентлар қайтмоқда. Талабалар шаҳарчасидан репортаж

Пандемия сабаб 8 ойдан кўпроқ вақтга бўшаб қолган Талабалар шаҳарчасига талабалар қайтмоқда. Олий таълим муассасаларида 16 ноябрдан босқичма-босқич тарзда анъанавий дарслар бошланмоқда. Kun.uz мухбири талабалар шаҳарчасидан репортаж тайёрлади.

Айни пайтда анъанавий дарсга қайтган талабаларнинг аксари 1-курс студентлари. Улар курсдошлари ва ўқитувчиларини юзма-юз танимасдан, тахминан 2 ойни онлайн ўқиш билан ўтказишди. Шунинг учун «талабалик гаштини ҳис қилиш»га ҳаммадан кўпроқ улар даъвогар.

Узоқ вилоятлардан келган ота-оналар эса фарзандларини жойлаштириб, кўнгилларини тинч қилиб уйга қайтиш ниятида. Қорақалпоғистондан, водий, воҳа вилоятларидан келган ота-оналар болалари учун ижарага жой изламоқда.

Ўзбекистон Миллий университетида 16 ноябрдан фақат 1-курс магистрантлар учун дарс бошланди.

«Бакалавриат босқичи 1-курс талабаларига 23 ноябрдан, 4-курс талабаларига эса 19 ноябрдан дарс бошланади. Дарслар учун пандемия шароити инобатга олинган ҳолда катта-катта аудиториялар танлаб олинган. Талабаларни дарсга чақиришда уларнинг шароити ва имкониятлари ҳисобга олинмоқда. Ҳозир фақат биринчи ва тўртинчи курс талабалари чақирилгани учун ТТЖ билан ҳам муаммо бўлмайди. Ётоқхонага жойлаштириш бўйича штаб ташкил қилинган. Талабаларни босқичма-босқич ётоқхонага жойлаштирамиз», – деди ЎзМУ ўқув услубий бошқарма бошлиғи Воҳиджон Топилдиев.

Тошкент давлат техника университетида ҳам ўқув биноларида дарс учун шароит тайёрланган. Университетда амалий машғулотлар ва семинарлар аудиторияда ўтади, маърузалар эса онлайн тарзда давом этади.

Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ахборот хизмати раҳбари Фарҳод Бабашев анъанавий дарсларнинг бошланиши ҳақида маълумот берар экан, талабаларда танлаш имконияти борлигини алоҳида таъкидлади.

«Мабодо 1-курс талабаларининг моддий жиҳатдан имкони бўлмаса ёки саломатлиги туфайли келиб ўқий олмаса, улар ОТМни огоҳлантириб қўйиши ва зарурат бўлганда ариза ёзиб аҳволидан хабардор қилиб қўйиши керак бўлади. Лекин улардан саломатлиги ҳақида маълумотномалар сўралмайди.

1-босқич талабалари қачон имкони бўлса, 1 ҳафтадан кейин ёки 1 декабрдан ўқишга чиқиши мумкин», – деди вазирлик расмийси.

Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ахборот хизмати раҳбари Фарҳод Бабашев

Унинг қайд этишича, охирги 3 йилда олий таълим қамрови ошиши натижасида талабаларни турар жой билан таъминлаш муаммоси долзарблашган.

«Шундан келиб чиқиб, талабалар ҳам ота-оналари билан маслаҳатлашган ҳолда Тошкентда ижарага туриш имконини қидириши керак бўлади. Ётоқхоналардан жой биринчи навбатда ижтимоий ҳимояга муҳтожларга берилади.

Бу ерда ҳамма талабани мажбурий анъанавий таълимга жалб қилиш ҳақида гап кетаётгани йўқ. Улар ўз имконидан келиб чиқиши керак», – деди Фарҳод Бабашев.

Аудиторияда ўқишни кўпчилик соғингани талабалар кайфиятидан сезилиб турибди. Лекин шароитдан келиб чиқиб, таълимнинг қайси турини танлаш уларнинг ўзига боғлиқ. Тошкентда турар жойи йўқлар онлайн ўқишни давом эттириши ҳам мумкин, ОТМлар ҳеч кимни анъанавий дарсда қатнашишга мажбурламайди.

Зилола Ғайбуллаева, Kun.uz мухбири.
Тасвирчи – Муҳиддин Қурбонов.

Мавзуга оид