Ўзбекистон | 14:05 / 18.11.2020
5711
2 дақиқада ўқилади

Шерзод Хўжаев: Электр энергияси таъминоти ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 5 фоизга ортган

Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтмоқда ва унда жорий йилнинг 9 ойига оид давлат бюджети бўйича маълумот берилмоқда. Тадбирда Олий Мажлис депутати Мақсуда Ворисова энергетика тизимига оид саволлар билан мурожаат қилди.

Фото: KUN.UZ

– Ҳудудларимиздаги энг катта муаммо энергия таъминоти. Ҳисоботда энергия узатишдаги йўқотишлар 9 млрд киловатт/соат деб кўрсатилган. Бу ишлаб чиқарилган жами электр энергиясининг 18.8 фоизини ташкил қилиши билдирилган. Бу ҳолатни қандай изоҳлаймиз? Яна бир масала – кўпчилик истеъмолчиларнинг қўлида тўлов квитанциялари бор, лекин пуллари тушмаган. Бу муаммо қандай ечилади?

Энергетика вазири ўринбосари Шерзод Хўжаев:

– 18,8 фоиз технологик сарф ва узатишлардаги йўқотишни мен сал бошқачароқ тушунтирган бўлардим, бу фақат йўқотишлар эмас, соҳанинг ички истеъмоли ҳам. Ҳеч қайси давлатда бу кўрсаткич 10-11 фоиздан кам бўлмаган. Албатта бу 18,8 фоиз катта кўрсаткич, лекин уни камайтириш чоралари кўрилади ва дастлаб 15 фоизга, кейин 2030 йил 12,5 фоизга тушириш мўлжалланган.

Тадбиркорларга ва аҳолига электр энергияси етказилиши чекланиши бўйича шуни айтмоқчиманки ўтган йилнинг шу даврига нисбатан электр энергияси етказиш 5 фоизга оширилган. Албатта, биз бу билан ўзимизни овунтира олмаймиз. Ишлаб чиқариш талабга кўра бўлиши керак. Кейинги йил куз-қиш мавсумигача қўшимча тўртта янги ишлаб чиқариш қувватлари ишга туширилади ва ишлаб чиқариш ҳажми яна 10 фоизга ошириш кўзда тутилган. Ҳисоб-китоблардаги ноаниқликларга келсак, албатта бу муаммо бор ва уни тез орада бартараф қиламиз.

Мавзуга оид