Ўзбекистон | 15:15 / 19.11.2020
3100
2 дақиқада ўқилади

Ҳудудий статистика органлари маҳаллий ҳокимликлардан мустақил бўлиши белгилаб қўйилмоқда

Қонунчилик палатасининг 2020 йил 19 ноябр куни бўлиб ўтган навбатдаги мажлисида депутатлар томонидан “Расмий статистика тўғрисида”ги қонун лойиҳаси биринчи ўқишда кўриб чиқилди.

Парламент сайтида ёзилишича, қонун лойиҳаси президентнинг 2019 йил 9 апрелдаги “Давлат бошқарувининг очиқлиги ва шаффофлигини таъминлаш ҳамда мамлакатнинг статистика салоҳиятини ошириш юзасидан қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорига мувофиқ ишлаб чиқилган бўлиб, миллий статистика тизими, расмий статистикани ишлаб чиқарувчилар, маъмурий маълумотларни етказиб берувчилар, респондент ва фойдаланувчиларнинг ўзаро муносабатларини ҳуқуқий жиҳатдан тартибга солади.

Лойиҳа билан расмий статистика маълумотларининг маъмурий маълумотлардан фарқи, расмий статистикани ишлаб чиқарувчилар тоифалари ва уларнинг профессионал мустақиллиги ҳамда Давлат статистика қўмитаси асосий ишлаб чиқарувчи ва мамлакатдаги расмий статистика тизимининг мувофиқлаштирувчи органи сифатида белгиланмоқда.

Шунингдек, статистика органларининг қонуний фаолиятига, жумладан расмий статистика ҳисоботларини йиғиш ва кузатувларни ўтказиш ҳамда уларнинг натижаларини нашр қилиш ва эълон қилиш жараёнларига ҳеч ким аралашмаслиги, шунингдек, ҳудудий давлат статистика органлари маҳаллий давлат ҳокимияти органларидан мустақил бўлиши ва бевосита Давлат статистика қўмитасига бўйсуниши белгилаб қўйилмоқда.

Депутатларининг фикрича, қонун лойиҳасининг қабул қилиниши миллий статистика тизимидаги барча субъектлар фаолиятининг ҳуқуқий асосини яратади ҳамда халқаро миқёсда расмий статистиканинг тан олинишига институционал замин яратади.

Мавзуга оид