Жаҳон | 22:51 / 19.11.2020
9863
2 дақиқада ўқилади

Кичик астероид Ер ёнидан рекорд даражада яқин масофада учиб ўтгани маълум қилинди 

13 ноябрда кичик ўлчамли астероид Ер ёнидан рекорд даражада яқин масофада учиб ўтди. Само жисми сайёрамиз ёнидан Халқаро коинот станцияси жойлашган орбитадан ҳам пастроқ баландликда учиб ўтган. 

Фото: universetoday.com

Ушбу масофа бор-йўғи 373 кмни ташкил қилган. Халқаро коинот станцияси ҳаракатланадиган орбита баландлиги эса 410 кмни ташкил қилади.

N+1 нашрининг ёзишича, 2020 VT4 деб номланган астероид 14 ноябрда Ҳавайидаги ATLAS тизими телескоплари ёрдамида қайд қилинган. Унинг ўлчами 5-10 метрни ташкил қилади.

Олинган маълумотларни ўрганиш астероиднинг биринчи суратлари у Ерга яқинлашгандан 15 соат ўтиб олинганини кўрсатган. Астероид сайёрамиз ёнидан энг минимал масофада Тошкент вақти билан 13 ноябр соат 22:20да учиб ўтган. Бу вақтда само жисми Тинч океанининг жанубий қисми устидан ўтган ва Ердан +3 юлдуз катталигидаги митти нуқта каби кўринган.    

Само жисмларининг Ер ёнидан минимал узоқликда учиб ўтиши бўйича аввалги рекорд 2020 йил августида қайд қилинганди. Ўшанда диаметри 3-6 метрни ташкил қилувчи 2020 QG астероиди сайёрамиз ёнидан 3 минг км нарида учиб ўтган. Мутахассисларнинг таъкидлашича, ушбу икки астероид ҳам Ерга зиён етказа олмасди, чунки бундай кичик ўлчамлар билан улар атмосферада ёниб кетган бўларди.

Астрономларнинг таъкидлашича, 2020 VT4’нинг Ерга яқинлашиши унинг орбитасига таъсир кўрсатган. Ернинг тортиш кучи таъсири остида астероид Қуёш атрофидаги 549 кунлик орбитадан 315 кунлик орбитага ўтган. Ҳисоб-китобларга кўра, ушбу астероид Ер ёнидан келаси сафар 2052 йил ноябрида 3 млн километр нарида учиб ўтади.

Шуҳрат Раҳимов
Тайёрлаган Шуҳрат Раҳимов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид