Жамият | 21:22 / 20.11.2020
10655
3 дақиқада ўқилади

Сколиознинг олдини олиш ва даволаш чоралари нималардан иборат? - Мутахассис изоҳи

Cоғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизмати тиббиёт фанлари номзоди Мурод Каримов билан бола танасининг ривожланишида юзага келиши мумкин бўлган муаммолар бўйича суҳбат уюштирди.

– Яссиоёқликни товонни кўтариб турадиган махсус ёстиқчали (спинаторли) оёқ кийим билан бартараф этиш мумкинми?

– Албатта, яссиоёқликда махсус ёстиқчали оёқ кийимлар кийиш энг мақбул чорадир. Умуман олганда, бундай оёқ кийимларни биз барчага тавсия этамиз. Сабаби шуки, инсон юрганда ердан муайян даражада зарба олади. Агар, оёқ тўғри ривожланган бўлса, оёқ панжалари зарбани қайтаради. Акс ҳолда, зарба организмга ўтиб бўкса, бел, тизза бўғимларга таъсир этади. 

– Диск чуррасини консерватив усулда даволаса бўладими?

– Бунинг учун касалликни эрта босқичда аниқлаш керак. Агар хасталик кеч аниқланса, фақат операция йўли билан даволанади. Ҳозирда бутун дунёда бўлганидек, мамлакатимиз тиббиётида ҳам замонавий эндоскопия усулида, катта кесим кесмасдан кичик кесимлар орқали бартараф этиш йўлга қўйилган. Бундай операциялар юртимизнинг барча ҳудудларида муваффақиятли амалга оширилмоқда. 

– Суяк чиққанда, синганда баъзилар табибга мурожаат қилади. Айтинг-чи, суяк-бўғим муаммоларини табиблар тўла бартараф эта оладими? 

– Бундай ҳолатларга иш тажрибамизда кўп бор дуч келамиз. Аксарият беморлар дастлаб табибга бориб шифо топмагач, тиббиётга мурожаат қилишади. Инсоннинг суяк-бўғимлари шу қадар мураккаб аъзоки, уларда бирор муаммо юзага келса, аввало, уни чуқур тиббий текшириш лозим. Акс ҳолда, йўл қўйилган кичик хато ҳам кейинчалик инсоннинг, айниқса, ёш болаларнинг ногирон бўлиб қолишига сабаб бўлиши мумкин. Шу боис, ўзи ва фарзандлари соғлигига эътиборли ҳар қандай инсон малакали тиббий ёрдамни танлайди. Халқимиз орасида далилларга асосланган замонавий тиббиётнинг бундай ўзига хос тамойилларини тарғиб этишда ҳамшираларнинг ўрни катта. 

– Сколиоз касаллиги, уни эрта аниқлаш йўллари ҳақида ҳам сўзлаб берсангиз.

– Сколиоз идеопатик касаллик бўлиб, ҳалигача унинг келиб чиқиши сабаби фанга маълум эмас. Бу касаллик 10-16 ёшлар оралиғида намоён бўла бошлайди. Уни эрта аниқлашда ота-онанинг синчковлиги муҳим аҳамиятга эга. Чунки, ота-она боланинг гавдаси қандай ривожланаётганини доимий кузатиш имконига эга. Агар бола қаддини тик тутиб юрмаса, ўсиш-ривожланишдан ортда қола бошласа, дарҳол уни чуқурлаштирилган тиббий кўрикка, хусусан, ортопед врач кўригига олиб бориш лозим. Тиббиёт муассасаларимизда бу касалликни эрта босқичларда аниқлаш учун барча шароитлар мавжуд.

Сколиоз қанча эрта аниқланса, шунча самарали даволанади. Кеч босқичларда эса операция қилишга тўғри келади. Операция жараёни ва ундан кейинги реабилитация тадбирлари анча мураккаб бўлиб, бу курсни тўлиқ ўташ бемордан ҳам, унинг ота-онасидан ҳам катта матонат талаб этади.

Мавзуга оид