08:26 / 23.11.2020
2071

Ўзбекистон – Ҳиндистон сиёсий маслаҳатлашувлари бўлиб ўтди

2020 йил 20 ноябр куни видеоконференция шаклида Ўзбекистон – Ҳиндистон сиёсий маслаҳатлашувларининг 14-раунди бўлиб ўтди. 

Ўзбекистон делегациясига Ташқи ишлар вазирининг биринчи ўринбосари Фарҳод Орзиев, Ҳиндистон делегациясига Ташқи ишлар вазири ўринбосари Викас Сваруп бошчилик қилди.

Музокаралар чоғида кўп қиррали Ўзбекистон – Ҳиндистон муносабатларининг ҳозирги ҳолати ва ривожланиш истиқболлари муҳокама қилинди, турли даражадаги бўлажак қўшма тадбирларнинг жадвали, кун тартиби ва ташкилий жиҳатлари кўриб чиқилди.

Ўзбекистон президентининг 2018 ва 2019 йилларда Ҳиндистонга ташрифлари ва олий даражадаги музокаралар чоғида эришилган келишувлар икки мамлакат ўртасидаги стратегик шерикликни сифат жиҳатдан янги поғонага кўтариш имконини бергани қайд этилди.

Музокараларда БМТ, ШҲТ ва бошқа кўп томонлама тузилмалар доирасидаги ҳамкорлик, минтақавий хавфсизлик ва барқарорлик масалалари бўйича фикр алмашилди.

Ҳиндистон томони Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг БМТ ва ШҲТ доирасида илгари сурган ташаббусларини қўллаб-қувватлади.

Афғонистон иштирокидаги «Ҳиндистон – Марказий Осиё» вазирлар мулоқотининг минтақалараро ҳамкорликни жадаллаштириш ва унинг механизмларини такомиллаштиришдаги роли эътироф этилди.

Савдо-иқтисодий ҳамкорликни янада ривожлантириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. Мазкур йўналишда сўнгги йилларда сезиларли ўсиш кўрсаткичлари қайд этилгани таъкидланди.

Инвестицион ҳамкорликни кенгайтириш, Ўзбекистон иқтисодиётининг турли жабҳаларида янги замонавий саноат қувватларини яратишга илғор технологияларни жалб қилиш йўллари кўриб чиқилди.

Ўзбекистон ва Ҳиндистон ҳудудлари ўртасида тўғридан тўғри ишбилармонлик муносабатларининг йўлга қўйилиши икки мамлакат бизнес доиралари ўртасида бевосита алоқа ўрнатилишига, қўшма лойиҳаларни рўёбга чиқаришнинг фаоллашишига имкон яратиши қайд этилди.

Туризм, таълим, технологиялар, спорт, соғлиқни сақлаш ва кадрлар тайёрлаш соҳаларидаги ҳамкорликнинг ҳозирги даражаси алоҳида кўриб чиқилди.
Ўзбекистонда Амити ва Шарда университетларининг филиаллари очилгани олқишланди, бошқа университетларнинг филиалларини ва мамлакатнинг соҳавий олий таълим муассасаларида қўшма кафедралар очиш орқали таълим соҳасидаги алоқаларни янада кенгайтиришга ўзаро қизиқиш борлиги тасдиқланди. 

Маданий мулоқотни янада чуқурлаштириш, жумладан уни икки мамлакатда Маданият кунларини ўтказиш йўли билан мустаҳкамлаш тўғрисида келишувга эришилди.

Top