Жаҳон | 15:37 / 23.11.2020
5192
3 дақиқада ўқилади

Россиялик диний раҳнамо: «ЮНЕСКО Тоғли Қорабоғдаги маданий обидалар масаласида бир томонлама қарор чиқармаслиги керак»

20 ноябр куни россиялик бир гуруҳ маданият арбоблари ЮНЕСКО га, Тоғли Қорабоғдаги насроний ёдгорликларни Бутунжаҳон маданий мерослар рўйхатига киритишни сўраб мурожаат юборишди. Мурожаат қилганлар сафида таниқли дирижёрлар Владимир Спиваков, Теодор Курентзис, мусиқачи Борис Гребеншиков, режиссёрлар Александр Сакуров, Алексей Герман, Сарик Андреасян, Эдуард Бояков, актёрлар Андрей Мерзликин, Яна Попловкая, Константин Крюков, архитектор Юрий Григориян, Сергей Чобан ва ёзувчи Захар Прилепинлар бор.

Россия мусулмонлари диний бошқармаси раисининг биринчи ўринбосари Дамир Мухетдинов россиялик маданият арбобларининг Қорабоғдаги моддий ёдгорликларини сақлаб қолиш учун ЮНЕСКО Бутунжаҳон маданий мероси рўйхатига киритиш ҳақидаги мурожаатига ўз эътирозларини билдирди.

«Россиялик маданият арбобларининг Тоғли Қорабоғдаги моддий ёдгорликларни сақлаб қолиш мақсадида ЮНЕСКОга жўнатган бир ёқлама мурожаати мени ҳайрон қолдирди. Улар ўз мурожаатида Тоғли Қорабоғдаги насроний черковларини маданий мерос деб ҳисоблашини билдирган ва мусулмон ёдгорликларининг таҳқирланиши ҳамда йўқ қилинишига кўз юмган. Қолаверса, уларнинг мурожаатида мусулмон ёдгорликларини ҳам сақлаб қолиш кераклиги ҳақида умуман гап йўқ», деб ёзган Дамир Мухетдинов фейсбукдаги саҳифасида.

Мухетдиновнинг таъкидлашича, Тоғли Қорабоғ ҳудудида арманлар томонидан сўнгги 30 йил давомида 67 та масжиддан 63 таси вайрон қилинган.

Шу туфайли, у ЮНЕСКО нинг эътиборини вайрон бўлган мусулмон обидалари масаласига қаратиш лозим деб ҳисоблайди. Унинг фикрича, ЮНЕСКО Тоғли Қорабоғдаги маданий мерос объектларининг диний мансублигини ҳисобга олмасдан, етарли маълумотга эга бўлмасдан минтақа меросини ҳимоя қилиш бўйича бир томонлама қарорлар қабул қилишдан тийилиши лозим.

Аввалроқ Россия Ташқи ишлар вазирлиги вакили Элеонора Митрофанова «ЮНЕСКО иштирок этгани билан Тоғли Қорабоғдаги маданий меросни сақлаш жараёни осон бўлмайди. Сабаби, Тоғли Қорабоғда Бутунжаҳон маданий мерос обидалари йўқ», деб айтган эди.

Айни пайтда, Озарбойжон Маданият вазирлиги Шуша шаҳрининг тарихий марказини ЮНЕСКОнинг Бутунжаҳон маданий мероси рўйхатига киритиш бўйича иш бошланганини эълон қилди. Вазирлик бундан олдин ҳам бир неча марта мусулмон ёдгорликлари билан бир қаторда Тоғли Қорабоғдаги насроний мероси ҳам қайта тикланиши ва юқори даражада ҳимоя қилинишини билдирган эди.

Ғайрат Йўлдошев
Тайёрлаган Ғайрат Йўлдошев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид