15:10 / 23.11.2020
27391

«Туркистон» саройи атрофида белги қўйилган дарахтлар юзасидан расмий маълумот берилди

Ижтимоий тармоқларда Тошкент шаҳри «Туркистон» саройи атрофида махсус белги остига олинган дарахтлар, уларнинг кесилиши билан боғлиқ масалалар юзасидан хабарлар жойлаштирилмоқда. 

Фото: Telegram /Mirzo Zominiy

Давлат экология қўмитасининг маълум қилишича, Тошкент шаҳри марказий кўчаларидаги дарахтлар ҳолатини аниқлаш мақсадида 2020 йил ноябр ойида Давлат экология қўмитаси, Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Фанлар академияси ҳамда Тошкент шаҳар ҳокимлиги ва жамоатчилик вакилларидан иборат ишчи гуруҳ ташкил этилган. Мазкур гуруҳ томонидан айни вақтда А. Навоий кўчаси бўйлаб табиий омиллар ёки ўсимлик зараркунандалари таъсирида зарарланган, ўзининг биологик ёшини ўтаб бўлган, турли коммуникацияларга таҳдид солаётган дарахтлар ўрганилиб, махсус белгилар қўйилди.

«Белги остига олинган дарахтлар «аниқ кесилади» деган фикрлар ноўрин бўлиб, аксинча, мазкур дарахтларни даъволаш бўйича чора-тадбирлар белгиланади. Бунда ҳар бир дарахтга индивидуал ёндашиб, имкон қадар сақлаб қолиш, янги кўчатларни экиш режалаштирилган», – дейилади қўмита хабарида.

Таъкидланишича, Давлат экология қўмитаси тегишли вазирлик ҳамда идоралар билан ҳамкорликда президентнинг 2019 йил 30 октябрдаги ПФ-5863-сон фармонига мувофиқ дарахтлар ва буталарни муҳофаза қилиш бўйича амалга оширилган чора-тадбирлардан келиб чиққан ҳолда мораторийнинг амал қилиш муддатини узайтириш мақсадга мувофиқлиги, шунингдек, Тошкент шаҳри Ободонлаштириш бошқармалари ҳузурида ўсимликларни муҳофаза қилиш ҳамда сақлаш хизматларини ташкил этиш юзасидан таклифлар тайёрлаб, Вазирлар Маҳкамасига киритди.

Top