Ўзбекистон | 16:18 / 06.07.2021
11583
3 дақиқада ўқилади

Сурхондарёда 109 туп қимматбаҳо дарахт ноқонуний кесиб ташланди

Фото: Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш қўмитаси

Сурхондарё вилояти Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси Деновда кесилган дарахтлар бўйича муносабат билдирди. Унда ёзилишича, Деновда 857 туп дарахт туман ҳокимлиги рухсати билан кесилган ва ўсимлик дунёсига 329 миллион сўм зарар етказилган.

Маълум қилинишича, Сурхондарё вилояти Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси инспекторлари Деновда дарахтларнинг оммавий тарзда кесилиши ҳолатини жойига чиқиб ўрганган. Ўрганиш давомида «Денов туман йўллардан фойдаланиш УК»нинг участка бўлими бошлиғи Ж.Ф. томонидан 109 туп қимматбаҳо дарахт рухсатномасиз кесиб ташлангани аниқланган.

Қайд этилишича, мазкур ҳолат юзасидан тегишли ҳужжатлар расмийлаштирилиб, Ж.Ф.га нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 79-моддаси 1-қисми билан маъмурий баённома расмийлаштирилган. Ҳуқуқбузарга нисбатан БҲМнинг 10 баробари (2 245 000 сўм) миқдорида жарима солинган. Ж.Ф. томонидан ўсимлик дунёсига 329 миллион 157 минг сўм зарар етказилгани ҳисобланган. Ҳозирда жарима ва ўсимлик дунёсига етказилган зарарни ундириш чоралари кўрилмоқда.

Шу билан биргаликда, «Денов туман йўллардан фойдаланиш УК»га ҳар бир кесилган дарахтлар ўрнига 100 донадан, жами 10900 дона қимматбаҳо дарахт кўчатлари экиш ва 3 йил давомида экилган кўчатларни парвариш қилиш ҳақида кўрсатма берилган.

Бундан ташқари, президентнинг 2020 йил 9 апрелдаги «2020–2022 йилларда Сурхондарё вилоятининг Денов тумани ва унинг марказини комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш тўғрисида» ПҚ-4667-сонли қарори ижроси бўйича туман ҳокимлиги томонидан дарахт кесишга рухсат берилган.

Жумладан, ушбу қарорга асосан йўл қурилишига халақит бераётган 857 туп кам қимматли дарахтларни кесиш учун Денов туман ҳокимлиги томонидан 000020-сонли рухсатнома берилган. Таъкидланишича, туман ҳокимлигига ҳам ҳар бир кесилган дарахт ва буталар учун компенсация тарзида 10 туп қимматлилиги жиҳатидан кесиладиган дарахт ва буталардан кам бўлмаган, йирик ўлчамли (баландлиги 2 метрдан кам бўлмаган) кўчат экиш ҳамда уларни камида икки йил давомида парвариш қилиш вазифаси юклатилган.

Мавзуга оид