21:23 / 24.11.2020
79525

Нега тўлов қилингандан кейин ҳам автоматик электр ҳисоблагичлар орқали «свет» ёнмаяпти? «ҲЭТ» расмийси жавоб берди

Бугун, 24 ноябр куни «Ҳудудий электр тармоқлари» акциядорлик жамиятида ОАВ ходимлари иштирокида электр энергиясини ҳисобга олишнинг автоматлаштирилган тизими (АСКУЭ)ни жорий этиш ишларига оид матбуот анжумани ҳамда пресс-тур бўлиб ўтди.

Kun.uz мухбирининг хабар беришича, тадбирда «Ҳудудий электр тармоқлари» АЖ бошқарув раисининг биринчи ўринбосари Жаҳонгир Обиджонов янги турдаги автоматик электр ҳисоблагичларнинг тўлов тизими билан боғлиқ муаммолар ҳақидаги саволга жавоб берди.

“Бу тизим ҳали тўлиқ ишга тушмаган, тизим ҳали жорий қилиниш жараёнида. Ўша ҳисоблагичларимиз ҳозирги кунда иккита дастурда ишламоқда. Биринчиси, ҳисоблагичларни ишлаб чиқарувчиларнинг дастури бўлиб, унинг ўзи учта дастурда ишлайди. Яъни Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган «Электр ҳисоблагич» ва «Тошэлектраппарат» компанияларининг дастурлари ҳамда Жанубий Кореянинг «KT Corporation» компанияси дастури асосида ишламоқда. Мана шу дастурлар [қарздорларни] ўчиришни бошламоқда. Бу дастурлар анча йиллардан буён ишлатиб келинади ва ишлаб чиқарувчи заводнинг дастури ҳисобланади.

Ҳисоблагични ўчиришга «команда» берилганидан кейин, барча қарздорлар ўчирилади. Дастур пул тўланишига қараб автоматик тарзда уларни ёқиш учун навбатга қўяди. Электр энергияси охирида ўчирилган ёки охирида тўлаганлар охирида ёқилади. Натижада, охирги тўлаган истеъмолчининг ҳисоблагичи кечроқ ёқилган бўлиши мумкин. Бу ўчирилган истеъмолчиларнинг сонига боғлиқ. Биз, шунингдек, шанба ва якшанба кунлари ҳамда тунги вақтда ҳисоблагичларни узиб қўймаймиз”, - дейди Жаҳонгир Обиджонов.

Жаҳонгир Обиджонов

Унинг маълум қилишича, «Ҳудудий электр тармоқлари» Korea Telecom билан ҳамкорликда ушбу дастурлар ўрнига янги дастур киритмоқда.

«Бу янги дастур энг замонавий ҳисобланади. Масалан, ҳисоблагич ўчирилганидан кейин пул тўланса, 1 дақиқадан 15 дақиқагача вақтда ёнади. Яна бир бор қайтараман, бу жорий қилинаётган лойиҳа, ҳали тўлиқ ишга тушмади», – деб таъкидлади Жаҳонгир Обиджонов.

Top