12:54 / 24.11.2020
4425

Тошкентда божхоначилар биологик фаол қўшимчалар ичида кокаин олиб кирмоқчи бўлган шахсларни тўхтатди

Тошкент шаҳар шаҳар божхона бошқармаси Контрабандага қарши курашиш ва божхона аудити бўлими ходимлари томонидан гиёҳвандлик воситалари ноқонуний йўллар орқали олиб кирилишига қарши кураш бўйича тезкор тадбирлар ўтказилди.

«Тадбир давомида «Бошпочтамт» ТИФ божхона постида хориждан Ўзбекистонда истиқомат қилувчи фуқаро У.М номига юборилган почта жўнатмаси белгиланган тартибда божхона кўригидан ўтказилди.

Жўнатмалардаги «BCAA 1000 caps» номли биологик фаол қўшимчаларнинг «Ренгент» қурилмасидаги тасвирлари кўздан кечирилганда, ундаги 47 дона капсуланинг зичлиги ва капсулаларнинг қадоғи бузилганлиги божхона ходимларининг диққатини тортди.

Шундан кейин, ушбу 47 дона капсуладан бир донаси ихтиёрий равишда танлаб олиниб, наркотестер ёрдамида текширувдан ўтказилганда, капсула ичидаги оқ ва нам ҳолдаги кукунсимон модда таркибида «кокаин» гиёҳвандлик воситаси борлиги тўғрисидаги белги берди», дейилади божхона қўмитаси матбуот хизмати хабарида.

Эксперт хулосасига кўра, 47 дона капсула таркибида 49,16 грамм «кокаин» гиёҳвандлик воситаси борлиги маълум бўлган.

Яна бир ҳолатда хориждан келган яна бир почта жўнатмаси божхона кўригидан ўтказилганда, жўнатмалардаги «BCAA 1000 caps» номли биологик фаол қўшимчаларнинг рентген қурилмасидаги тасвирлари кўздан кечирилганда, ундаги 75 дона капсулада жами 76,56 грамм миқдорда «кокаин» гиёҳвандлик воситаси борлиги аниқланган.

Ҳозирда юқоридаги ҳолатлар юзасидан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Top