16:51 / 25.11.2020
5165

Одамларни электрон давлат хизматларидан фойдаланишга ўргатишимиз керак — Русланбек Давлетов

«Мақсадимиз – одамлар давлат хизматларини уйидан туриб олишларига эришиш. Одамнинг вақти давлат органлари билан муносабатга кетмаслиги керак», – деди Ўзбекистон Адлия вазири.

Бугун, 25 ноябр куни Facebook'да Адлия вазири Русланбек Давлетов фуқаролар билан онлайн мулоқот ўтказди. Унда йўлланган саволлардан бири электр танқислиги шароитида давлат хизматлари тизими қандай ишлаётгани, интернет йўқ жойларда бу тизимдан фойдаланиш имконсиз экани ҳақида бўлди.

Вазирнинг айтишича, интернет – келажак дегани, аммо барча ҳудудларни қамраб олиш учун 5 йил вақт керак.

«Мен ўйлайманки, келажакдаги 5 йилнинг ичида бу тизимда [давлат хизматлари] жуда катта ўзгариш бўлади. Бунча вақтни айтишимни сабаби – электр танқислиги, интернет қамрови даражаси билан боғлиқ масалалар.

Масалан, қишлоқ жойларга интернет етиб бормагани ёки яхши етиб бормагани, мобил интернет алоқасининг яхши эмаслиги, албатта, бу – инфраструктура ривожланишига тўсиқ. Объектив равишда биз бундай чекловлар билан ишлашга мажбур бўламиз», – деди Адлия вазири.

Русланбек Давлетовнинг айтишича, давлат хизматларидан фойдаланиш учун одамлар кўп вақт сарфлаб ўтирмаслиги керак. Бунинг учун тизим электрон тарзда барча ҳудудларда ишлашини таъминлаш лозим.

«Давлат хизматлари агентлиги тузилганига уч йил бўляпти. Бу тизимни илк бор 37та хизмат тури билан бошлаган бўлсак, ҳозирда аҳолига 150 турдаги давлат хизматлари кўрсатиляпти. Бунинг келажаги қандай бўлиши керак, деган савол бор. Электрон хизматлар бу – келажак дегани. Электрон хизматлар қайсидир давлатларнинг бугунги куни.

Биз давлат хизматлари марказига одамлар келишининг тарафдори эмасмиз. Чунки у ерда навбат, харажат бўлади, вақт кетади. Шунинг учун энг пировард мақсадимиз – одамлар хизматларни уйидан туриб олишлари керак. Уларнинг шахси тасдиқланиши, турли тўловлар қилиши, давлат билан муносабатга киришиши ҳам уйидан амалга ошиши керак.

Одамнинг вақти давлат органлари билан муносабатга кетмаслиги керак. У ўз ҳаётини оиласи билан яхши, бахтли яшаши, ўзаро мулоқотлар билан кечириши керак.

Биз одамлар давлат органларига камроқ келсин, кўпроқ электрон хизмат олсин ва ҳаётидан мамнун бўлсин, деган ғояни илгари суряпмиз», – дея Адлия вазирининг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.

Top