Ўзбекистон | 10:30 / 09.12.2025
1734
2 дақиқада ўқилади

Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги ўрнида Бошқарув самарадорлиги агентлиги тузилди

Президентнинг “Давлат хизматида бошқарув самарадорлигини янада ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонига мувофиқ, Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги негизида Бошқарув самарадорлиги агентлиги ташкил этилди.

Фото: Facebook / BSA.pressa

Фармонга кўра, янги агентлик давлат бошқаруви тизимида самарадорлик, натижадорлик ва масъулиятни кучайтириш, шунингдек, давлат хизматини замонавий ёндашувлар асосида такомиллаштириш вазифаларини бажаради.

Ҳужжатга мувофиқ, 2026 йил 1 январдан бошлаб “Янги Ўзбекистон қиёфасидаги туман (шаҳар)” мақомига эга 33 та туман ва шаҳар ҳокимликларида тажриба-синов тариқасида натижага асосланган бошқарув тизими жорий этилади. Бунда:

давлат органлари фаолиятининг мақсадли кўрсаткичлари ва индикаторлари уларга юклатилган вазифалар асосида Бошқарув самарадорлиги агентлиги томонидан шакллантирилади;
ушбу кўрсаткичлар Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланади.

Фармонда Агентликка қуйидаги вазифалар юклатилган:

  • натижага асосланган бошқарув моделини ишлаб чиқиш ва унинг жорий этилишини услубий жиҳатдан мувофиқлаштириш;
  • давлат органлари фаолияти самарадорлигини ва мақсадли кўрсаткичларга эришиш даражасини samaradorlik.gov.uz электрон платформаси орқали баҳолашни ташкил этиш;
  • тегишли вазифаларни бажариш ва кўрсаткичларга эришиш жараёнида кадрлар салоҳиятини ривожлантиришга кўмаклашиш;
  • давлат фуқаролик хизмати лавозимларини эгаллаш учун танловларда замонавий ёндашувларни жорий этиш, зарур ҳолларда қўшимча босқичлар белгилаш.

Мазкур фармон давлат хизмати тизимини янги босқичга олиб чиқиш, мансабдор шахслар фаолиятини аниқ натижалар асосида баҳолаш ва аҳолига кўрсатиладиган давлат хизматлари сифати ҳамда самарадорлигини янада оширишга қаратилган.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид