Ўзбекистон | 10:50 / 26.11.2020
3262
3 дақиқада ўқилади

Айрим турдаги маҳсулотларни мажбурий рақамли маркировкалаш тизими жорий этилади

Вазирлар Маҳкамасининг «Айрим турдаги маҳсулотларни мажбурий рақамли маркировкалаш тизимини жорий этиш тўғрисида»ги қарори қабул қилинди.

Norma’нинг ёзишича, 2019 йил 23 ноябрдаги «Маҳсулотларни идентификация воситалари ёрдамида маркировкалаш ва келгусида кузатиш тартибини босқичма-босқич жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги 944-сон ВМҚга мувофиқ амалга оширилаётган маҳаллий ишлаб чиқарувчилар ва импорт қилувчилар учун маҳсулотларни идентификация воситалари ёрдамида маркировкалаш ва келгусида кузатиш тартибини босқичма-босқич жорий этиш бўйича тажриба лойиҳаси доирасида:

ишлаб чиқариш фабрикаларини махсус сервер ускуналари билан қўшимча жиҳозлаш ва уларни корхоналарни бошқаришнинг автоматлаштирилган тизимларига интеграция қилиш орқали маҳсулотларни кузатиб бориш механизми ишга туширилган;

синов тариқасида маркировкаланган ёрлиқлар ишлаб чиқилган, маркировкалаш ахборот тизимининг таркибий қисмлари ўрнатилган ҳамда маълумотларни қайта ишлаш маркази фаолияти йўлга қўйилган.
 
Қуйидагилар тасдиқланди:

2021-2022 йилларда идентификация воситалари билан мажбурий рақамли маркировкалаш талаби жорий қилинадиган маҳсулотлар рўйхати;

Айрим турдаги маҳсулотларни мажбурий маркировкалаш тизимини самарали жорий қилиш бўйича «йўл харитаси».
 
Давлат солиқ қўмитасига 2021 йил 30 декабрга қадар тажриба лойиҳаси якунларига кўра бошқа товарларни маркировкалаш ва кузатиш тартиби тўғрисидаги низомни ишлаб чиқиш топширилди:
  
ДСҚга Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги билан биргаликда 2020 йил 1 декабрга қадар «Asl belgisi» маҳсулотларни маркировкалаш ва кузатиб бориш миллий ахборот тизимини (МАТ) жорий қилиш топширилди.
 
Қуйидагилар «Asl belgisi» МАТнинг асосий вазифалари этиб белгиланди:

маҳсулот айланмаси юзасидан барча босқичларни рўйхатдан ўтказиш орқали идентификация воситалари ёрдамида маркировка қилиниши лозим бўлган маҳсулотлар айланмаси тўғрисидаги маълумотларни йиғиш ва қайта ишлашни автоматлаштириш;

маълумотларни сақлаш, олиш, ўтказиш, тарқатиш, қайта ишлаш, нашр этиш, фойдаланиш жараёнида «Asl belgisi» МАТда талаблар белгилаш орқали сақланадиган маълумотларнинг чекланганлигини таъминлаш.
 
Давлат солиқ қўмитасига:

айрим турдаги маҳсулотларни мажбурий маркировкалаш соҳасида ДХШ лойиҳаси концепциясини давлат-хусусий шериклик соҳасидаги ваколатли давлат органига кўриб чиқиш учун бир ҳафта муддатда тақдим этиш;

айрим товар позицияларини маркировкалаш юзасидан жорий қилинган тажриба натижаларини ҳисобга олган ҳолда «Asl belgisi» МАТни ишлаб чиқиш, ундан фойдаланиш ва унга техник хизмат кўрсатиш учун «CRPT TURON» МЧЖ билан биргаликда тўғридан тўғри музокаралар асосида ДХШ битимини тузиш топширилди.
 
Ҳужжат 21.11.2020 йилдан кучга кирди.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид