Иқтисодиёт | 15:36 / 12.12.2024
4029
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистондан Россияга етказилаётган маҳсулотлар рўйхати 68 та янги позицияга кўпайди

Инвестициялар, саноат ва савдо вазири Лазиз Қудратов Ўзбекистон ва Россия ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажмини ошириш бўйича ишчи гуруҳининг 3-йиғилишида онлайн тарзда иштирок этди.

Фото: Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги

Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги маълумотига кўра, учрашувда Ўзбекистон ва Россия ўртасида савдо, саноат, энергетика, транспорт ва қишлоқ хўжалиги соҳаларида амалдаги келишувларнинг ижро этилишининг бугунги ҳолати атрофлича кўриб чиқилиб, амалга ошириш жараёнини жадаллаштириш бўйича навбатдаги қадамлар белгилаб олинди.

Хусусан, жорий йилнинг 10 ойида икки давлат ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми 20 фоизга ўсиб, 9,7 миллиард долларни ташкил этди. Ўзбекистонлик ишлаб чиқарувчилардан етказиб берилаётган маҳсулотлар рўйхати 68 та янги позицияга кўпайди.

Томонлар асосий мақсади икки мамлакатнинг ўзаро савдо кўрсаткичларини 30 миллиард долларга етказиш бўлган Ўзбекистон Республикаси билан Россия ўртасидаги 2024-2030 йилларга мўлжалланган товар айирбошлаш ҳажмини ошириш бўйича Қўшма ҳаракатлар режасини амалга оширилишини атрофлича кўриб чиқдилар. Шу ўринда комплекс чора-тадбирлар ишлаб чиқиш, жумладан, саноат ишлаб чиқариши, транспорт ва агросаноат соҳаларидаги ҳамкорликни ривожлантириш муҳимлиги таъкидланди.

Учрашув якунлари бўйича томонлар кўп қиррали ўзаро муносабатларни янада ривожлантиришга тайёрлигини билдирдилар ҳамда Ўзбекистон ва Россия ўртасидаги иқтисодий ҳамкорлик бўйича ҳукуматлараро комиссиянинг навбатдаги йиғилишини жорий йил охиригача Москва шаҳрида ўтказиш муддатларини келишиб олдилар.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид