Жаҳон | 09:37 / 27.11.2020
3873
2 дақиқада ўқилади

Грузияда 2 ойга қатъий локдаун киритилади

Фото: Укринформ

Грузия ҳукумати коронавирус тарқалишига қарши 2 ойга қатъий карантин киритишга қарор қилди. Чекловлар 28 ноябрдан 2021 йилнинг 31 январигача амал қилади, деб хабар қилди Грузия Online нашри.

Грузияда бунгача 7та шаҳарда комендантлик соати амал қилган, энди эса у бутун мамлакат бўйлаб соат 21дан 5гача давом этади. Бундан Янги йил ва Рождество байрамлари муносабати билан 31 декабр ва 6 январ кунлари мустасно бўлади.

Грузияда таксидан бошқа транспорт воситаларига шаҳарлараро қатновлар амалга ошириш тақиқланади. Кафе ва ресторанлар, кинотеатр, спорт зал, бассейн, музей, болалар боғчалари, бозорлар, савдо марказлари ташриф учун ёпилади. Шунингдек, озиқ-овқат дўконлари, дорихоналар, зоотоварлар ва маиший кимё дўконларидан ташқари барча дўконлар фаолияти тўхтатилади.

Ўқувчилар ва талабалар масофадан ўқишга ўтказилади.

Шунингдек, пойтахт Тбилиси, Телави, Батуми, Кутаиси, Рустави, Гори, Поти ва Зугдиди шаҳарларида жамоат транспорти фаолияти тўхтатилади.

Тоғ-чанғи курортлари фаолияти тўлиқ тўхтатилади, меҳмонхоналар карантин учун жойлар ҳозирланган ҳолда ишлаши мумкин бўлади.

24 декабрдан 2 январгача чекловлар юмшатилади: бозорлар, савдо-кўнгилочар марказлари, жамоат транспорти ишлашига рухсат берилади. Бироқ 2 январдан кейин чекловлар яна қайтарилади. 

Охирги маълумотларга кўра, мамлакатда ҳозирга келиб коронавирус билан касалланганлар сони 118 мингдан ошди, инфекциядан вафот этганлар сони 1124 нафарни ташкил қилмоқда. 

Шуҳрат Раҳимов
Тайёрлаган Шуҳрат Раҳимов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид