19:36 / 28.11.2020
10636

Монополияга қарши курашиш қўмитаси: «Чигитни бошқа вилоятга олиб чиқишни тақиқлаш қонунга зид»

Ўзбекистон Республикаси Монополияга қарши курашиш қўмитаси тадбиркорлар томонидан бир вилоятдан бошқасига пахта чигитини олиб чиқишидаги муаммолар юзасидан қилинган мурожаатлар ҳақида маълумот берди.

Монополияга қарши курашиш қўмитасининг маълум қилишича, қўмитага хўжалик юритувчи субъектлар томонидан ўрнатилган тартибда харид қилинган пахта чигитини бир вилоятдан (шаҳардан) бошқа вилоятга (шаҳарга) олиб чиқишда муаммоларга дуч келаётганлиги юзасидан норозиликлар билдирган кўплаб мурожаатлар келиб тушмоқда. Мурожаатларда, вилоят ҳокимликлари томонидан ҳудудлардаги ички ишлар органлари ходимларига вилоят ҳудудларидан пахта чигитини чиқармаслик тўғрисида топшириқ берилган ва шунга кўра бу маҳсулот чегара пост хизматларидан чиқарилмагани маълум қилинган.

Тадбиркорлар қўмитага, қонунчиликка кўра биржа савдоларида республиканинг барча ҳудудларидаги ишлаб чиқарувчи корхоналар томонидан чигит маҳсулотини сотиб олиш мумкинлиги белгиланган бўлсада, ҳокимликлар томонидан чигитни фақат ўз ҳудудидаги ишлаб чиқарувчилар томонидан сотиб олиниши ва ишлатиши бўйича кўрсатма берилаётганини билдиришган.

«Ўзбекистон Республикаси «Тадбиркорлик фаолияти эркинлигининг кафолатлари тўғрисида»ги қонунининг 8-моддасига мувофиқ тадбиркорлик фаолияти субъектлари қонун ҳужжатларида тақиқланмаган ҳар қандай фаолиятни амалга ошириши ҳамда ўз фаолияти йўналишларини, товарлар (ишлар, хизматлар) етказиб берувчиларни ва ўз товарларининг (ишларининг, хизматларининг) истеъмолчиларини мустақил равишда танлашга ҳақли эканлиги, 34-моддасига асосан давлат органлари, бошқа ташкилотлар ҳамда уларнинг мансабдор шахслари тадбиркорлик фаолияти субъектларининг амалга ошираётган фаолиятига аралашишга ҳақли эмаслиги кўрсатилган.

Давлат органлари ва уларнинг мансабдор шахсларига битимлар тузиш бўйича қарорлар қабул қилиш, тадбиркорлик фаолияти субъектларига кўрсатмалар ҳамда бошқа фармойишлар бериш тақиқланади.

Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 354-моддасига асосан фуқаролар ва юридик шахслар шартнома тузишда эркин, шартнома тузишга мажбур қилишга йўл қўйилмайди, шартноманинг шартлари тарафларнинг хоҳиши билан белгиланади.

Ўзбекистон Республикаси «Рақобат тўғрисида»ги қонунининг 12-моддасига асосан давлат бошқаруви органлари ва маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг хўжалик юритувчи субъектларнинг иқтисодий фаолиятига оқибатда рақобат чекланиши мумкин бўлган тарзда аралашиши тақиқланади. Рақобатни ривожлантиришга тўсқинлик қилувчи ҳамда истеъмолчиларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини камситувчи ҳаракатларига, шу жумладан тегишли бозорни ҳудудий принцип бўйича, реализация қилиш ёки харидлар ҳажми бўйича, товарларнинг хиллари бўйича ёхуд товарларни сотувчилар ёки сотиб олувчилар, товар буюртмачилари доираси бўйича бўлиб олишга йўл қўйилмайди.

Ўзбекистон Республикасининг «Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекси»нинг 178-моддасига асосан рақобат тўғрисидаги қонун ҳужжатларини, табиий монополиялар тўғрисидаги қонун ҳужжатларини ва истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузилиши ҳолати бўйича тегишли жавобгарлик чоралари белгиланган», дейилади қўмита хабарида.

Маълум қилинишича, чигитни бошқа вилоятга олиб чиқишни тақиқланиши ҳолати Монополияга қарши курашиш қўмитаси томонидан ўрганиб чиқилиб, барча вилоятлар ҳокимликларига ҳамда Ички ишлар вазирлиги ва унинг вилоят бошқармаларига бундай ҳаракатларни содир этилишига йўл қўймаслик бўйича тегишли чоралар кўриш юзасидан мурожаат қилинган.

Таъкидланишича, бугунги кунда Қўмита томонидан Қашқадарё, Сурхондарё ва Хоразм вилоят ҳокимликлари ҳамда ушбу вилоятлар Ички ишлар бошқармаларига нисбатан тегишли иш қўзғатилган.

«Монополияга қарши курашиш қўмитаси томонидан хўжалик юритувчи субъектларга улар фаолият кўрсатаётган ҳудудидан қатъи назар қонуний харид қилинган маҳсулотларни бир ҳудуддан бошқасига олиб чиқиб кетишда муаммолар юзага келган тақдирда Қўмитага мурожаат қилишлари сўралади», дейилади хабар сўнгида.

Top