Ўзбекистон 2021 йилда сукук қимматли қоғозларини пилот равишда чиқаришни режалаштирмоқда. «Ислом молияси» лойиҳаси муаллифи Хондамир Нусратхўжаев ушбу мавзуда Капитал бозорини ривожлантириш агентлиги директори Отабек Назиров билан суҳбатлашди.

Ислом тижорат ҳуқуқи тамойиллари асосида ишлайдиган инвестицион сукук қимматли қоғозлари – реал иқтисодиётнинг молиялаштириш манбайи ҳисобланади. Капитал бозорини ривожлантириш агентлиги Ўзбекистон бозорида сукукни жорий этиш учун ҳуқуқий асослар ишлаб чиқиш ва инфратузилма яратиш устида ишламоқда.

12 октябр куни «Ислом молиялаштириш тамойиллари асосида қимматли қоғозларни жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги президент қарори лойиҳаси муҳокамага қўйилди.

Сукук тушунчаси нимани англатади?

Ислом молиявий институтларининг бухгалтерлик ҳисоби ва аудити ташкилоти (AAOIFI) таърифига кўра, сукук – бу номинал қиймати тенг бўлган сертификатлар бўлиб, улар маълум бир лойиҳанинг моддий активлари, кўрсатилаётган хизматлар, активларга эгалик ҳуқуқининг бўлинмас улушини тасдиқлайди.

Сукук, қарз мажбуриятларидан фарқли ўлароқ, ажратилган моддий активдаги ёки молиялаштирилган лойиҳадаги улушдир. Унинг даромади, облигациядан фарқли равишда, активлар ва хизматлардан фойдаланиш ёки молиялаштирилаётган лойиҳанинг фойдасидан ҳосил бўлади.

Капитал бозорини ривожлантириш агентлиги директори Отабек Назиров сукук қимматли қоғозларини Ўзбекистон бозорига жорий этиш борасидаги саволларга жавоб берди.

– Сукук бизнинг капитал бозоримизда ўзига хос гибрид инновацион инструмент. Эҳтимол, кўпчилик (вазирлик, идора, Марказий банк, бизнес) учун сукук қимматли қоғозларини чиқариш кутилмаган ташаббус бўлгандир. Мазкур масаланинг тарихи ҳақида гапириб берсангиз. У қандай пайдо бўлди, шахсан ўзингиз бу ғояга нима учун ишондингиз?

– Мен илгари ҳам сукукка дуч келганман. Чунки глобал миқёсда мазкур бозор катта ва у нафақат тарихан мусулмон бўлган мамлакатлар, балки Европа мамлакатлари ва бошқа майдончаларда ҳам мавжуд. Бундан ташқари, Европа тикланиш ва тараққиёт банкида фаолият юритган ва Марказий Осиё минтақаси учун масъул бўлган вақтимда, банкимизнинг салоҳиятли мижозлари мендан ислом молиясини ташкил этиш имконияти ҳақида сўраганлари билан боғлиқ вазиятларга дуч келганман.