Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Австралияда ЮНЕСКО рўйхатига киритилган орол ёнғинлар сабабли ташриф учун ёпилди
ЮНЕСКО Жаҳон мероси рўйхатига киритилган Австралиядаги Фрейзер ороли ўрмон ёнғинлари сабабли 14 декабргача сайёҳлар учун ёпилди.
Daily Mail нашрининг маълум қилишича, ўзининг тропик ўрмонлари ва динго зотидаги итлари билан машҳур бўлган оролда ёнғин октябр охирида сайёҳлар лагеридаги гулхан сабабли бошланган. Бироқ иссиқ ҳаво оловнинг 74 минг гектар майдонга ёйилишига ва Kingfisher Bay курортидан бир неча километр радиусдаги ўсимликларнинг 40 фоизи йўқ бўлишига олиб келган.
Ёнғин ҳозирда аҳоли яшаш жойларига яқинлашмоқда. Шу сабабли маҳаллий ҳокимият одамларга оролга ташриф буюришни тақиқлаб қўйди ва кейинги огоҳлантиришгача паром алоқасини чеклади.
“Фрейзер оролидаги ўсимликлар жуда қуруқ ва шу сабабли осон алангаланади”, деб айтган ёнғин операциясига бошчилик қилаётган Жеймс Хейг. Унинг таъкидлашича, оролга ёмғир зарур. Ёнаётган майдонларга самолётлардан ташланаётган сув эса ёнғинни тўхтата олмай, уни фақатгина секинлаштириши мумкин.
Австралиянинг фан ва метеорология бўйича миллий агентликларининг ҳисоботига кўра, яшил қитъада иқлим ўзгариши тобора кучли қурғоқчилик, ўрмон ёнғинлари ва циклонларга олиб келмоқда. Мутахассисларнинг таъкидлашича, вазият ҳарорат кўтарилгани сари янада ёмонлашади.
Жорий йил бошида Австралиядаги ўрмон ёнғинлари оқибатида миллионлаб гектар ернинг кули кўкка совурилганди. Ёнғинлар минглаб уйларни ва юз минглаб жонзотларни йўқ қилган ҳамда атмосфера ва бутун сайёра экологиясига таъсир кўрсатган.