Ўзбекистон ҳудудига илиқ ва бироз нам ҳаво оқими кириб келиши кутилмоқда
Бугун республиканинг барча ҳудудларида деярли илиқ об-ҳаво кузатилмоқда. Ҳаво ҳарорати 4-9 даража илиқ бўлади. Бундай ҳарорат ноябр ойи охирининг ўртача кўп йиллик қийматларига яқиндир.
«Ўзгидромет» хабарига кўра, 1-3 декабрда Ўзбекистон ҳудудларига Каспий денгизи ҳудудидан илиқ ва бироз нам ҳаво массалари кириб келиши кутилмоқда. Аксар вилоятларда ҳаво булутли бўлиши, республиканинг айрим ҳудудларида (Қорақалпоғистон, Хоразм, Сурхондарё вилоятларидан ташқари) бироз ёмғир ёғиши эҳтимоли бор. Ҳаво ҳарорати кечалари 2 даража совуқ - 3 даража илиқ, кундуз кунлари 5-10 даража илиқ атрофида, 2 декабрда баъзи жойларда 12 даража илиқ бўлиши кутилмоқда. Республиканинг жанубида шу кунларда ҳаво ҳарорати 13-15 даража илиқ бўлади.
4 декабрда Қозоғистон ҳудудлари устида антициклон кучая бошлайди ва шимоли-ғарбий оқимлар билан совуқ ҳаво Ўзбекистон ҳудудларига кириб келади. Ҳаво ҳарорати кечалари 0-5 даража совуқ, кундуз кунлари 0-5 даража илиқ бўлади, бу меъёрдан 3-5 даражага пастдир.
Тошкент, Самарқанд, Жиззах, Сирдарё, Андижон, Наманган, Фарғона вилоятларининг баъзи жойларида бироз ёғингарчилик (ёмғир, қор) бўлиши мумкин.
Республиканинг айрим жойларига туман тушиши мумкин.