Ўзбекистон | 11:42
583
2 дақиқада ўқилади

Ҳафта охирида аксар ҳудудларда ёғингарчилик кутилмаяпти

Шанба-якшанба кунлари республиканинг катта қисмида ёғингарчилик кутилмайди. Ҳарорат аста-секин кўтарилиб, якшанба куни кундузи +34…+37 даражагача етади. Жойларда чанг-тўзонлар кузатилиши мумкин.

Фото: Kun.uz

6–7 июн кунлари республиканинг катта қисмида ёғингарчилик кутилмайди, дея хабар бермоқда Ўзгидромет.

Жума куни кундузи Тошкент, Самарқанд, Қашқадарё, Сурхондарё вилоятлари ва Фарғона водийси вилоятларининг айрим жойларида қисқа муддатли ёмғир ёғиши, момақалдироқ бўлиши мумкин. Республиканинг қолган ҳудудларида ёғингарчилик кутилмайди. Ҳаво ҳарорати +28…+33 даража атрофида, жанубда +34…+36 даражагача бўлади.

Шанба куни фақат Фарғона водийси вилоятлари ва якшанбада Қорақалпоғистон Республикасининг айрим жойларида қисқа муддатли ёмғир ёғиши, момақалдироқ бўлиши мумкин. Ҳаво ҳарорати ушбу кунларда аста-секинлик билан кўтарилиб, якшанба куни кундузи +34…+37 даражагача етади.

Шамол 7–12 метр/сония тезликда эсади, баъзи жойларда 13–18 метр/сониягача кучайиши, айрим жойларда чанг-тўзонлар билан кузатилиши мумкин. Республика шимолида 7 июн куни 20–22 метр/сониягача кучайиши мумкин.

Тоғолди ва тоғли ҳудудларда 5–7 июн кунлари баъзи жойларда қисқа муддатли ёмғир ёғади, момақалдироқ кузатилади. Сел сув-тошқин ҳодисалари юзага келиши мумкин.

Тошкент шаҳрида жуманинг иккинчи ярмида қисқа муддатли ёмғир ёғиши, момақалдироқ бўлиши мумкин. Ҳарорат +30…+32 даража бўлади. Шанба ва якшанба кунлари ёғингарчилик кутилмайди. Кундуз кунига ҳарорат шанба куни +30…+32 даража, якшанба куни +34…+36 даража бўлади.

Шамол 3–8 метр/сония тезликда эсади, вақти-вақти билан 10–12 метр/сониягача кучаяди, шаҳарнинг айрим жойларида чанг-тўзонлар билан кузатилади.

Азиз Қаршиев
Тайёрлаган Азиз Қаршиев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид