Ўзбекистон | 23:14 / 01.12.2020
3670
2 дақиқада ўқилади

Шавкат Мирзиёев Нурсултон Назарбоевни Қозоғистоннинг Биринчи Президенти куни билан табриклади

1 декабр куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Қозоғистон Республикаси Биринчи Президенти Нурсултон Назарбоев билан телефон орқали суҳбатлашди. Мирзиёев суҳбат давомида Назарбоевни Қозоғистоннинг Биринчи Президенти куни билан самимий қутлади.

Ўзбекистон Президенти Назарбоевнинг замонавий Қозоғистонни барпо этиш ва изчил ривожлантириш, мамлакатнинг халқаро майдондаги нуфузини оширишдаги тарихий роли, шунингдек, Марказий Осиё минтақасида дўстлик ва яхши қўшничилик муносабатларини мустаҳкамлашга қўшган катта ҳиссасини алоҳида қайд этиб ўтди.

Икки мамлакат етакчилари Ўзбекистон ва Қозоғистон ўртасидаги стратегик шериклик, ўзаро ишонч ва қўллаб-қувватлаш тамойилларига асосланган кўп қиррали муносабатларнинг бугунги даражасини юқори баҳолашди.

Аввало савдо-иқтисодий соҳада кенгайиб бораётган амалий ҳамкорлик мамнуният билан қайд этилди. Пандемия оқибатларига қарамай, савдо, саноат, қишлоқ хўжалиги, транспорт ва логистика, бошқа устувор йўналишларда янги лойиҳалар амалга оширилаётганига урғу берилди.

Телефон орқали мулоқот чоғида халқаро ва минтақавий аҳамиятга молик долзарб масалалар юзасидан ҳам фикр алмашилди.

Шунингдек, Мирзиёев Назарбоевга Қозоғистоннинг Биринчи Президенти куни муносабати билан табрикнома жўнатган. Ўзбекистон президенти унда Элбошига мустаҳкам соғлик, бахт ва мамлакат равнақи йўлида улкан зафарлар, Қозоғистон халқига эса тинчлик, фаровонлик, барқарор ривож тилаган.

1 декабрда Қозоғистонда Биринчи Президент куни нишонланади. 

2011 йилда Қозоғистон парламенти сенати томонидан “Қозоғистон Республикаси байрамлари тўғрисида”ги қонунга ўзгартириш киритилиб, унда 1 декабр Биринчи Президент куни деб эълон қилинган. Байрам Қозоғистоннинг биринчи президенти Нурсултон Назарбоевнинг ватан олдидаги хизматларини тан олиш ва таъкидлаш мақсадида таъсис этилган.

Ушбу кун бежизга танланмаган. Чунки айнан 1991 йил 1 декабрда Назарбоев Қозоғистон президенти этиб сайланган. Шундан кейин у ушбу лавозимга 5 марта қайта сайланган, 2019 йилда эса ихтиёрий равишда ўз ваколатларини топширган. 

Шуҳрат Раҳимов
Тайёрлаган Шуҳрат Раҳимов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид