Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Қозоғистонда Нурсултон Назарбоевнинг хорижга чиқишини чеклаш таклиф этилди
Қозоғистон Мажлиси депутати Ермурат Бапи давлат сиридан хабардор бўлган собиқ юқори мартабали амалдорларнинг чет элга чиқишини қонуний чеклашни таклиф қилди. У бундай шахслар қаторида Қозоғистоннинг биринчи президенти Нурсултон Назарбоевни ҳам тилга олди. Ташаббусга Назарбоевнинг яқинда Кремлда Владимир Путин билан учрашуви сабаб бўлган. Депутатнинг фикрича, бундай сафарлар «миллий хавфсизликка таҳдид қилиши» мумкин.
Фото: ТАСС
Orda нашри томонидан келтирилган Бапи сўзларига кўра, собиқ президентлар, вазирлар ва бошқа собиқ амалдорлар эга бўлган давлат сирлари мамлакат хавфсизлиги омили бўлиб қолмоқда. Шунинг учун уларнинг хорижга чиқишига ҳуқуқий тўсиқ керак. Депутат мисол тариқасида халқаро амалиётга, жумладан, Хитойдаги чекловларга ишора қилди.
«Мамлакат хавфсизлигини таъминлаш учун давлат сирларидан фойдаланиш имкониятига эга бўлган шахсларнинг чет элга чиқиш имкониятини тартибга солувчи қонун зарур», деб ёзди Бапи.
У Назарбоев ва Қайрат Кожамжаров каби шахслар учун олдиндан «чегара назорати» ёки «қизил байроқ» ўрнатишни таклиф қилди. Депутат сўзларига кўра, собиқ президентнинг Москвага сафари Қозоғистон давлат органлари ва жамиятига босим сифатида қабул қилиниши мумкин. Кейинроқ Бапи журналистларнинг саволларига жавоб берар экан, содир бўлаётган воқеалардан мамлакат учун сиёсий фойда кўрмаётганини ҳам айтди.
«Ўз юртида, ўз халқида таянч тополмаган одамга ачинаман. Энди у мамлакат ташқарисидан ёрдам излашга мажбур. Бу собиқ президент учун фожиа», деди депутат.
Бу Назарбоевнинг Путин билан 2025 йилдаги иккинчи учрашуви эди. Улар ўртасидаги аввалги бундай учрашув май ойида бўлиб ўтган.
Қозоғистонда давлат хизматчилари ва давлат сирларидан фойдаланиш ҳуқуқига эга бўлган бошқа шахслар учун чет элга чиқишга чекловлар аллақачон мавжуд. Улар «Давлат сири тўғрисида»ги қонунда мустаҳкамланган ва махфий маълумотларни ҳимоя қилишга қаратилган.
Хорижга чиқишга тўлиқ автоматик тақиқ йўқ, аммо чет элга чиқиш учун рухсатнома расмийлаштирилган давлат органи ёки ташкилот раҳбарияти билан мажбурий равишда келишилиши керак. Махфий маълумотлардан фойдаланиш имконияти берилганда тегишли мажбуриятлар имзоланади.
Айрим ҳолларда чеклашлар хизмат тўхтатилгандан кейин (истеъфодан кейин) ҳам, агар бу рухсат бериш шартларида назарда тутилган бўлса, сақланиб қолиши мумкин. Келишилмаган чиқиш интизомий ёки маъмурий жавобгарликка сабаб бўлиши мумкин. Махфийлик режимига риоя этилиши устидан назорат Қозоғистон Республикаси Миллий хавфсизлик қўмитаси томонидан амалга оширилади.
Бундай амалиётга ҳукумат томонидан миллий хавфсизликни таъминлашнинг стандарт чораси сифатида қаралади.
Мавзуга оид
12:13 / 28.12.2025
Ақтўбедаги ҳалокатлар: сабаблар нима?
23:27 / 27.12.2025
Қозоғистон тоғларида уч кишининг жасади топилди
12:53 / 27.12.2025
Россия ва Қозоғистон янги ракета-ташувчининг парвозини кейинроққа сурди
21:36 / 25.12.2025