Жаҳон | 21:02 / 02.12.2020
24352
7 дақиқада ўқилади

Вакциналар пойгаси. Ким қайси босқичда?

Дунёнинг етакчи фармацевтика компаниялари ва атоқли лабораториялари томонидан коронавирусга қарши вакцина яратиш йўлида мусобақа кетяпти. Аввалроқ муваффақият қозонганлар йирик ва молиявий жиҳатдан жуда фойдали шартномаларга эга чиқишади.

Фото: Reuters

Нормал ҳолатда бирор вакцина яратиш учун кўп йиллар керак бўлади. Лекин коронавирус юқиш эҳтимоли юқорилиги ва фавқулодда тез тарқалгани учун унга қарши вакцина одатдагидан тезроқ яратилиши мумкин.

Ҳозирда олимлар 57 вакцинани одамларда синаб кўришяпти, яна 87 лойиҳа ҳайвонларда синаладиган босқичда.

Бу борада ишлар январ ойида бошланган бўлиб, вакцина мартда илк бор одамларда синаб кўрилди. Ҳозирда 13 лойиҳа сўнгги синовлар босқичида турибди. Уларнинг айримларигина муваффақиятли якун топиб, инсон иммун тизимида вирусга қарши антитаначалар ҳосил қилиши мумкин.

Вакцина яратиш қуйидаги босқичлардан ўтади:

Клиниколди синовлар (preclinical testing). Мутахассислар янги вакцинани ҳужайраларда синаб кўрадилар ва уни сичқон ё маймунларга бериб, уларнинг иммун тизимига таъсирини ўрганишади. Ҳозирда 87та лойиҳа клиниколди синовларда экани маълум.

1-фаза. Эҳтиёт синовлари (safety trials). Олимлар вакцинани одамларнинг кичик гуруҳларига бериб кўрадилар. Бу билан вакцинанинг хавфсизлиги ва дозасини, шунингдек, иммун тизимининг унга реакциясини синаб кўрадилар.

2-фаза. Кенгайтирилган синовлар (expanded trials). Олимлар вакцинани болалар, қариялардан иборат турли гуруҳлардаги юзлаб одамларда синаб кўрадилар. Бу босқичда вакцинанинг хавфсизлиги ва инсон иммун тизимини қай даражада кучайтира олишини кузатадилар.

3-фаза. Самарадорлик синовлари (efficacy trials). Мутахассислар вакцинани минглаб одамларда синаб кўрадилар. Ушбу босқичда препаратнинг коронавирусга қарши тура олиш-олмаслиги аниқланади. Америка озиқ-овқат ва дори-дармонни назорат қўмитаси (FDA) камида 50 фоиз натижа бўлишини тавсия қилди. Бу босқичда, шунингдек, аввалги босқичларда кузатилмаган ножўя таъсирларни аниқлаш имкони бўлади.

Эрта ёки чекланган тасдиқ (early or limited approval). Хитой (Ad5-nCoV) ва Россия («Спутник V») ўзлари ишлаб чиқаётган вакциналарнинг 3-босқич натижаларини кутмасдан истеъмолга яроқли деб тасдиқлади. Экспертларнинг фикрича, шошилинч хулосалар жиддий оқибатларга олиб келади.

Тасдиқ (approval). Ҳар бир давлатдаги назорат қилувчи орган ёки ташкилот синовлар натижаларини кўриб чиқиб, вакцинани тасдиқлаш ё тасдиқламаслик ҳақида қарор қабул қилишади. Пандемия даврида вакцина расман тасдиқдан ўтгунига қадар фавқулодда фойдаланишга рухсат берилиши мумкин. Вакцинага лицензия берилганидан кейин ҳам, тадқиқотчилар эмланганларни кузатишда давом этиб, препарат хавфсиз ва самарали эканига ишонч ҳосил қилишлари лозим.

Бирлашган фаза (combined phases). Вакцина тадқиқотини тезлаштиришнинг йўлларидан бири фазаларни бирлаштиришдир. Коронавирусга қарши баъзи вакциналар ҳозирда 1- ва 2-фазада бўлиб, илк бошданоқ юзлаб одамларда синаб кўриляпти.

Паузада (paused). Тадқиқотчилар хавотирли ёхуд ножўя симптомлар сезилганда синовларни тўхтатиб туришлари мумкин. Вазият ўрганилгач, тажрибалар яна давом эттирилиши ёки тўхтатилиши мумкин.

NYT ҳозирда вакцина устидаги тадқиқотларни давом эттираётган лойиҳаларни санади:

Moderna ва National Institutes of Health қўшма лойиҳаси (АҚШ)

Фото: Joel Saget/AFP/Getty Images

Ушбу лойиҳа бир йилча муқаддам бошланганди. Лойиҳа муаллифлари 30 ноябрда АҚШ озиқ-овқат ва дори-дармонларни назорат қўмитасига вакцинани тасдиқлаш ва рўйхатдан ўтиш учун ариза топширишди. Тасдиқдан ўтгач, ушбу вакцина шу йилнинг декабр ойидан қўллана бошланиши мумкин.

25 ноябр куни Модерна компанияси Европа комиссияси билан 160 миллион дозада вакцина етказиб бериш борасида келишувга эришди. Компания, шунингдек, Канада, Япония ва Қатар ҳукуматлари билан ҳам шартнома имзолаган.

Pfizer, BioNTech ва Fosun Pharma лойиҳаси (АҚШ ва Германия)

REUTERS/Dado Ruvic/File Photo

АҚШдаги гигант фармкомпания ва Германиянинг BioNTech лойиҳаси 9 ноябрда синовларнинг сўнгги босқичи 90 фоиз самарадорлик билан якунланганини эълон қилиб, АҚШ озиқ-овқат ва дори-дармонларни назорат қўмитасига вакцинани тасдиқлаш ва рўйхатга олиш учун мурожаат қилди. Бу коронавирусга қарши вакцинага берилган илк ариза бўлди. Ёзда Трамп маъмурияти «Пфайзер» билан декабргача 100 миллион дозада вакцина етказиб бериш бўйича битим имзолади. Шунингдек, Японияга 120 миллион, Европа Иттифоқига 200 миллион доза етказиш бўйича келишилди. «Пфайзер» ва «БиоНТек» 2021 йилда 1 миллиард 300 миллион дозада вакцина ишлаб чиқариши кутиляпти.

CаnSinoBIO (Хитой)

CAnSinoBIO компанияси ўз вакциналарини июл ойида ўтказилган 2-фаза синовларидан муваффақиятли ўтгани ва иммун тизимига ижобий таъсир қилгани ҳақида эълон қилганди. Августда 3-фаза синовлари бошланган. Компания Саудия Арабистони, Покистон ва Россия билан вакцина етказиб бериш бўйича шартномалар имзолаган.

AstraZeneca ва Oxford University (Швеция ва Буюк Британия)

Фото: Reuters

Бу лойиҳа йил бошидан буён энг умидли ва муваффақиятли саналиб келаётган эди. Лойиҳа ташкилотчилари Бразилия, АҚШ, Ҳиндистон, Буюк Британия ва Жанубий Америкада кўнгиллиларда кенг қамровдаги синовлар ўтказишди. Лекин синовлардаги айрим муваффақиятсизликлар туфайли лойиҳа келажагига бироз шубҳа уйғонган.

Лойиҳа май ойидаёқ АҚШ (300 миллион доза), Европа Иттифоқи (400 миллион доза) билан келишувга имзо чеккан.

Масъулларининг айтишича, компания тўлиқ қувват билан ишланганда йилига 2 миллиард дозада вакцина ишлаб чиқара олади.

Zydus Cadila (Ҳиндистон)

Ҳинд компанияси 6 августда 2-фаза синовларини ўтказди. Декабр ойида 3-фаза синовлари ўтказилиши кутиляпти.

CureVac (Германия)

Трамп маъмурияти аввалига CureVac билан келишувга эришишга уриниб кўрди. Лекин бу компания тадқиқотларда бироз ортда қола бошлагач, бошқа компания билан битим имзоланди. Компания ноябрда Европа Иттифоқи билан 225 миллион дозада вакцина етказиб бериш бўйича битим имзолаган. Умуман олганда, 2021 йилда 300 миллион, 2022 йилда 600 миллион доза ишлаб чиқарилиши кутилмоқда.

Эътиборга молик жиҳат шуки, CureVac Тесла компанияси билан дунё бўйлаб вакцина ишлаб чиқарувчи «микро-заводлар» қуришга келишиб олган.

Imperial College London ва Morningside (Буюк Британия ва Ҳонгконг)

Ушбу лойиҳанинг вакцинаси шу йилнинг декабрида тайёр бўлиши кутилмоқда.

AnGes, Osaka Univerity ва Takara (Япония)

Бу қўшма лойиҳанинг 3-фаза синовлари шу йил охиригача ўтказилиши режалаштирилган.

Мавзуга оид