15:39 / 03.12.2020
5925

Литва ҳукумати аҳолини БелАЭСда ҳалокат юз бериши эҳтимолига қарши маҳсулотларни ғамлаб олишга чақирди

Литва парламенти БелАЭСни миллий хавфсизликка таҳдид деб эълон қилган ва у ерда ишлаб чиқарилган электр энергиясини сотиб олиш ҳамда электр тармоқлари орқали ўтказишни тақиқлаган.

Фото: Наталия Федосенко/ТАСС

Литва аҳолиси Вилнюсдан 50 км узоқликда қурилган Беларус атом электр станциясида ҳалокат юз бериши эҳтимолига қарши маҳсулотларни ғамлаб олиши лозим. Литва ички ишлар вазирлиги вакили Миндаугас Баярунас LRT радиоси эфирида ана шундай фикр билдирди.

“Аҳолига биринчи эҳтиёж маҳсулотларининг уч кунлик захирасини ғамлаб қўйишни тавсия қиламиз”, — деди у.

Ушбу захирадан консервалар, ун, ўсимлик мойи, шакар, сув каби маҳсулотлар ўрин олиши тавсия қилинган.

“Масъул ташкилотларнинг вазифалари аниқ белгилаб қўйилган, аммо улар одамларга ёрдамга етиб келгунича маълум бир вақт ўтади, шунинг учун ҳар доим тайёр ҳолда бўлиш керак”, — деди Баярунас.

Эслатиб ўтамиз, Литва БелАЭС фаолиятига қарши чиқмоқда. Литванинг таъкидлашича, БелАЭС лойиҳаси ядро энергетикаси соҳасидаги халқаро талаблар бузилган ҳолда амалга оширилган. Литва парламенти мазкур АЭСни миллий хавфсизликка таҳдид деб эълон қилди ва у ерда ишлаб чиқарилган электр энергиясини сотиб олиш ҳамда электр тармоқлари орқали ўтказишни тақиқлади.

 БелАЭСнинг биринчи блоки 3 ноябр куни Беларус ягона энергия тизимига уланган, 7 ноябрда унинг расмий очилиш маросими бўлиб ўтганди. 10 ноябрда эса АЭСда носозлик юз бергани маълум қилинди.

Top