Ўзбекистон | 14:40 / 03.12.2020
15921
1 дақиқада ўқилади

ССВ: Тошкентда яна учта тиббиёт муассасаси одатий иш фаолиятига қайтди

Ўзбекистонда коронавирус хавфининг нисбатан камайгани, касалликка чалинган беморлар сони сезиларди даражада қисқаргани сабаб инфекцияни даволаш билан шуғулланаётган бир неча шифохоналар одатий иш режимига қайтиб, бошқа турдаги беморларни қабул қила бошламоқда.

Соғлиқни сақлаш вазирининг тегишли буйруғига асосан, яна учта шифохона: Тошкент шаҳар тез тиббий ёрдам клиник шифохонаси, Тошкент шаҳар перинатал маркази ва Тошкент шаҳар 3-сон юқумли касалликлар шифохоналарини ўз йўналиши бўйича дастлабки тартибда фаолиятини давом эттириши белгилаб берилди.

«Ушбу шифохоналар жорий йилнинг 2 декабридан бошлаб коронавирусга чалинган беморларни қабул қилишни тўхтатади, касалхоналардаги даволаниш давом эттирилиши талаб этиладиган беморлар тегишлилиги бўйича 1- ва 2-сон Зангиота юқумли касалликлар шифохоналарига кўчирилади.

Беморлар чиқарилгандан сўнг муассаса биноси ўрнатилган тартибда зарарсизлантирилади ва эпидемияга қарши чоралар кўрилиб, мавжуд тиббий жиҳозлар консервация қилинади. Инфекцияни даволашда қўлланилаётган дори воситалари захира сифатида сақланади», дейилган Соғлиқни сақлаш вазирлиги Жамоатчилик билан алоқалар бўлими хабарида.

Мавзуга оид