18:41 / 04.12.2020
3831

Давактив агентлиги: бозор ва савдо комплексларини сотиш жараёни ҳали бошлангани йўқ

Давлат активларини бошқариш агентлиги бозор ва савдо комплексларидаги давлат улушларининг сотилиши (хусусийлаштирилиши) ҳали бошланмаганини маълум қилди.

Фото: Илья Буяновский

4 декабрь куни агентлик тарқатган хабарда бозор ва савдо комплексларидаги давлат улушларининг сотилиши (хусусийлаштирилиши) Ўзбекистон Республикаси президентининг тегишли қарори қабул қилингандан кейин, унда белгиланган талаблар асосида амалга оширилиши маълум қилинган.

Жорий йил 27 октябрда Президентнинг «Давлат иштирокидаги корхоналарни ислоҳ қилишни жадаллаштириш ҳамда давлат активларини хусусусийлаштиришга оид чора-тадбирлар тўғрисида»ги фармони қабул қилинган. Мазкур ҳужжатда мамлакатдаги 500дан ортиқ бозор ва савдо комплекслари алоҳида ёндашув асосида ислоҳ қилиниши ҳақида топшириқ мавжуд. Шунингдек, Давлат активларини бошқариш агентлигига тегишли вазирликлар, идоралар билан биргаликда 3 ой муддатда бозор ва савдо комплекслари бошқарув тизимини такомиллаштириш ва уларни босқичма-босқич хусусийлаштириш бўйича қарор лойиҳасини тайёрлаб, Вазирлар Маҳкамасига киритиш вазифаси юклатилган.

Таъкидланишича, агентлик томонидан бозор ва савдо комплексларининг молиявий кўрсаткичлари ва мулкий масалалари ўрганилмоқда ва қарор лойиҳасини тайёрлаш бўйича ишлар олиб бориляпти.

Агентлик хабарида таъкидланишича, норматив ҳужжатларни қабул қилиш бўйича амалдаги тартибга асосан қарор лойиҳаси махсус веб порталда жамоатчилик муҳокамасига қўйилади, билдирилган фикр ва мулоҳазалар, вазирлик, идоралар ва маҳаллий ҳокимликларнинг таклифлари фикр-мулоҳазалари эшитилади, шу билан бирга соҳа мутахассислари, халқаро экспертлар, мустақил кузатувчилар, ОАВ вакиллари ва кенг жамоатчилик иштирокида давра суҳбати кўринишида муҳокама ташкил қилинади, бу жараён ОАВда ёритилади.

«Муҳокама натижалари асосида қайта ишланган қарор лойиҳаси Адлия вазирлигининг юридик экспертизаси асосида Вазирлар Маҳкамасига киритилади. Бозор ва савдо комплексларидаги давлат улушларнинг савдоларга қўйилиши, сотилиши ва сотишдан кейинги мониторинг жараёнлари қонунчилик талаблари асосида Агентлик расмий веб-сайти, ижтимоий тармоқлари ва ОАВда доимий равишда ёритиб борилади», — дейилади хабарда.

Фармонда белгиланганидек, бундан асосий мақсад илғор хорижий тажрибани инобатга олган ҳолда, устав капиталида давлат улуши мавжуд бўлган бозор ва савдо комплексларини замонавий кўринишга келтириш, санитария-гигиена талаблари даражасида сақлаш, бозор фаолияти учун зарур инфратузилмани шакллантириш ҳисобланади.

Top