Ўзбекистон | 20:12 / 04.12.2020
3723
3 дақиқада ўқилади

«Яшнобод» технопарки ва икки кластер Хитой шафелигидаги технозона аъзоси бўлди

«Bukhara Cotton Textile» ва «Tashkent Cotton Textile» кластерлари ҳамда «Яшнобод» технопарки Ипак йўли юқори ва янги технологиялар зонаси ассоциациясига аъзо бўлди.

2 декабр куни Тошкентда Ипак йўли юқори ва янги технологиялар зонаси ассоциацияси (SRSPA)нинг 5-Тошкент форуми онлайн тарзда бўлиб ўтди.

Ассоциация хабарига кўра, ушбу форум тўқимачилик соҳаси ва олий маълумотли кадрларни тайёрлаш соҳасидаги компаниялар ўртасида ҳалқаро ҳамкорликни ривожлантиришга қаратилган.

SRSPAни 2016 йилда Хитой Фан ва техника вазирлиги ташкил этган. У инновацион ривожланиш, ўзаро ҳамкорлик ва инвестициялар бўйича платформа ҳисобланади.

Платформанинг асосий мақсади – Ипак йўлига туташ ҳудудлар ўртасидаги ҳамкорликни ривожлантиришдир. Ҳозирги кунда 40дан ортиқ мамлакатнинг йирик инвестицион ва ишлаб чиқариш компаниялари, таълим муассасалари, илмий марказлар ва технопарклар SRSPA аъзоси саналади.

Ўзбекистон Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги кўмагида ўтказилган 5-Тошкент форуми ташкилотчилари – Ипак йўли юқори ва янги технологиялар зонаси ассоциацияси, Тошкент Тўқимачилик ва енгил саноат институти (ТТЕСИ), «Bukhara Cotton Textile» ва «Tashkent Cotton Textile» кластерлари бўлди. Форумни ТТЕСИ проректори, профессор Солиҳ Тошпўлатов модератор сифатида бошқарди.

Тадбирда SRSPA бош котиби Чжан Жэнчжун, ТТЕСИ ректори Илҳом Собиров, «Bukhara Cotton Textile» ва «Tashkent Cotton Textile» кластерлари раҳбари, сенатор Муртазо Раҳматов, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигидан бошқарма бошлиғи Жавлон Абдужалилов ва «Ўзтўқимачиликсаноат» уюшмасидан бошқарма бошлиғи Сардор Одинаев асосий маърузалар билан чиқди.

Форум очилишида кластер иқтисодиёти, ҳамкорлик алоқалари, турли соҳалардаги илмий ва ишлаб чиқариш қувватининг ривожланишида ушбу тадбирнинг аҳамияти таъкидлаб ўтилди. Форум доирасида иштирокчиларга «BCT Cluster» ва «ТCT Cluster» кластерларининг фаолити билан боғлиқ тақдимот намойиш этилди.

Шунингдек, анжуман якунида ассоциация таркибига янги аъзоларни қабул қилиш тадбири ҳам бўлиб ўтди. Ассоциацияга «BCT Cluster» ва «ТCT Сluster» кластерлар компанияси ҳамда «Яшнобод» инновацион технопарки ҳам қабул қилиниб, уларга аъзолик сертификатлари берилди.

Мавзуга оид