Иқтисодиёт | 09:27 / 06.12.2020
7425
3 дақиқада ўқилади

Фарғона шаҳрида 400 гектар майдонда турар жойлар ва савдо-маиший хизмат кўрсатиш масканлари қурилади

Фарғоналик журналистлар ва блогерлар вилоят марказида амалга оширилаётган қурилиш ва ободончилик ишлари билан таништирилди.

Kun.uz мухбири хабарига кўра, иштирокчилар дастлаб шаҳар марказида бош пудратчи ташкилот — «Қилич Бунёд» МЧЖ томонидан Мустақиллик шаҳарчасида бунёд этилаётган 16 қаватли турар жой биноларида олиб борилаётган қурилиш ишлари билан танишишган.

Вилоят қурилиш бошқармаси бошлиғи Музаффар Икромовнинг таъкидлашича, шаҳарда илк бор қурилаётган 16 қаватли уй 160 хонадоннинг уй-жойга бўлган эҳтиёжини қондиради.

Фарғонада энди 18 қаватдан 25 қаватгача бўлган уйлар қуриш ҳам режалаштирилган. Мустақиллик шаҳарчасида 16 қаватли турар жой биносидан жами 4та қурилади. Қайд этилишича, Фарғона шаҳри сейсмик нуқтайи назаридан фаол ҳудудда жойлашгани учун ушбу уйларнинг зилзилабардошлигига алоҳида эътибор қаратиляпти.

Яна 400 гектар жойда кўп қаватли уйлар, савдо ва маиший хизмат кўрсатиш масканлари бунёд этилади. Шаҳардаги 2 қаватли эски уйлар ўрнида янги кўп қаватли уйлар барпо этилади. 2021 йилда 55та кўп қаватли уйлар фойдаланишга топширишга тайёрланмоқда.

Журналистлар Туркия технологияси асосида қуйма темирбетон ва газобетондан барпо этилаётган 16 қаватли уйнинг коммуникация тармоқлари ва шароитлари билан танишди.

Шунингдек, пресс-тур иштирокчилари яқин кунларда иш бошлаган, хорижий инвестиция иштирокидаги «Hayat world medical» хусусий тиббиёт марказида ҳам бўлишди.

Ўзбекистон – Корея халқаро университетида эса уларга олийгоҳ ва ундаги йўналишлар тўғрисида маълумотлар берилди. Икки давлатнинг ўзаро ҳамкорлик алоқалари таълим йўналишида ҳам муҳим аҳамият касб этаётгани эътироф этилди.

Авиасозлар кўчасида жойлашган «Fergana Glоbal textile» қўшма корхонаси фаолияти билан танишди. Қўшма корхона раҳбари Отабек Нишоновнинг таъкидлашича, корхона ишга тушгач, 1500 нафардан ортиқ иш ўрни яратилган. Бугунги кунда корхона йилига 14 минг тоннагача калава ип ишлаб чиқариш имконига эга. Бу ерда бўялган ип ва трикотаж матолар тайёрланади.

Тадбир якунида Фарғона шаҳар ҳокими ҳамда тегишли ташкилот вакиллари иштирокида матбуот анжумани ўтказилди. Шаҳар ҳокими Ҳамиджон Ҳабибиддинов ҳудудда олиб борилаётган ишлар, янги лойиҳалар ҳамда келгусидаги режалар ҳақида маълумотлар берди.

Матбуот анжумани давомида журналист ва блогерларнинг саволлари ҳамда таклифлари тингланди.

Сарвар Зияев

Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид