Тошкент вилоятининг айрим туманларидан сўнг, Фарғона шаҳри боғчаларида ҳам болаларнинг овқатдан заҳарланиши кузатилди. Таом етказиб берувчи фирма вилоят ҳокимининг қарори билан тендерсиз танлаб олинган, унинг мансабдорлари санитария талабларини бузганликка оид жиноят ишида айбланмоқда. Бу болаларни овқатлантириш тизими ношаффоф ишлаётганига ишорами? Ўзи муаммо нима билан боғлиқ? Бунга ким жавобгар? Kun.uz студиясида ўтган суҳбатда шулар муҳокама қилинди.
Шу кунларда Ўзбекистоннинг айрим боғчаларида болаларнинг овқатдан заҳарланаётгани ва уларга таом етказиб бериш билан шуғулланувчи фирмаларга жиноят иши қўзғатилиб, ишлар судга оширилаётгани тизимда илдиз муаммолар ҳал қилинмаётганини кўрсатиб келмоқда.
Kun.uz нега шундай бўлаётганини тушуниш, қолаверса, ўзи заҳарланишлар нима сабаб юзага келиши, келгусида болаларда қандай касалликларни келтириб чиқариши юзасидан мутахассислар билан суҳбат ўтказди. Унда шифокор Муаззам Иброҳимова ҳамда гастроэнтеролог Зилола Ҳожиева иштирок этди. Қуйида суҳбатдан айрим муҳим қисмлар шарҳланади.
Овқатлантириш нотўғри йўлда бизнесга айлантирилдими?
Муаззам Иброҳимова айнан заҳарланган боғча тарбияланувчиларига овқат етказиб берувчи фирманинг дастлаб таъсисчилари ҳамда лойиҳа муаллифларидан бири ҳисобланади. Аммо у лойиҳа айрим тор доира манфаати учун “бизнес”га айлантирилганини билдирди. Таҳририят бу ҳақда аввалги суриштирувида ҳам ёзганди.
“Агар биз бу тизимни таг-тубидан тозаламайдиган бўлсак ва соҳани тушунадиган мутахассисларни жалб қилмайдиган бўлсак, бу давом этаверади. Мен болалар заҳарлангани ҳақида эшитиб туриб, биласизми, шундай шокка тушдим. Нега янада кўпроқ ёзмадим? Нимага кўпроқ курашмадим? Нимага ўша юзимга тарс этиб ёпилган эшикларни тепиб очмадим, деб.
Чунки болалар шу ҳолатга тушиб қолиши мумкинлигини ўзингиз айтяпсиз, анчадан бери айтиб келаман ва айтиш жоизки, шу ҳокимият вакилларига йиғлаб ҳам мурожаат қилдим. Таҳлилий мақолалар қўйдим, ҳаттоки президентга ҳам мурожаат қилдим, лекин афсус, ҳеч ким жавоб бермади. Ҳатто ўша дод деб қўйган мақолаларимга ҳам масхара қилгандек вилоят ҳокимиятининг ўзидан жавоблар келиб турди. Қўлингдан ҳеч нарса келмайди, дегандек қилиб туриб, ҳамма жойдан блоклаб, жавоб ёзмади”, – дейди у.
Иброҳимова айни муаммоларга сабабчи сифатида Қувасой шаҳар ҳокими Зафаржон Тўрақуловни кўрсатмоқда. Унинг айтишича, ҳоким лойиҳа билан обдан танишиб олгач, уни тортиб олган ва даромад келтирувчи тизимга айлантиришга уринган.






