Ўзбекистон | 12:09 / 06.12.2020
9423
9 дақиқада ўқилади

«Жажжи академик» нега ёпилди?

Ёш болаларни илм-фанга қизиқтириш йўналишида фаолият юритиб келган сифатли босма нашр – «Жажжи академик» журнали ўз фаолиятини якунлади. Журнал бош муҳаррири, «Akademnashr» нашриёти бош директори Санжар Назар Facebook саҳифасида лойиҳа қандай сабаблар туфайли муваффақиятсизликка учрагани ҳақида ёзди.

«Хуллас, эплай олмадик. Журнал муттасил зарарга чиқди. Умумий зарар ўн хонали сонда ифодаланадиган бўлди. Аммо бу асосий сабаб эмас. Иқтисодни амаллаш мумкин, яхшилар енг шимариб туришгани шубҳасиз. Масалан, ўтган йили бир яхши инсон журналнинг жамики қолдиқларини сотиб олди. Бу йил бир дўстимиз бир йиллик нашр харажатларини ўз зиммасига олишга тайёр эканлигини билдирди...

Биз тарқатиш, тарғиб қилиш ва энг аламлиси, эҳтиёж уйғотишни эплай олмадик. Шу йўл – илм нажот эканлигига одамларни ишонтира олмадик. Бу ҳақиқатни билганларнинг кўпчилиги эса болаларига рус тилидаги журналларни олиб беришади. Болалари рус мактабларга қатнайди...

Вазиятимиздан Халқ таълими вазирлигини ҳам, Ёшлар ишлари агентлигини ҳам, бошқа эҳтимолий алоқадор бўлиши мумкинларни ҳам хабардор қилган эдик. Уларда амалий ёрдам бериш учун ваколат ва имкониятлар йўқлигини ҳам биламиз.

Энг силламизни қуритгани почта тизимидаги муаммолар бўлди. Обуна бўлган, харид қилган одамларга журналлар етиб бормади ва ҳамон бормаяпти. Ўзимиз мустақил етказиб бериш тизимини ташкил қила олмасдик. Соф тижорий, миллиардлаб фойда кўрадиган тадбиркорлик йўналишлари ҳам буни Ўзбекистон шароитида ҳозирча эплай олишмайди».

Хулосага ўрин берамиз

Аслини олганда, болалар учун сифатли маърифий контент ярата оладиган бадиий жамоа мавжудлигининг ўзи катта ютуқ – ҳамма жойда ҳам бор эмас бундай бойлик. Ўтмиш таълимимиз унчалик ёмон бўлмаган эканки, шундай кадрларимиз бор. Бироқ ҳозирги даврда бундай жамоа мавжудлигининг ўзи етарли эмас экан. Бу жамоанинг мардонавор уринишлари кор қилмабди.

Аввало шуни айтиш керакки, хусусий уриниш ўлароқ юзага келган бу босма нашрнинг яшаб кетолмагани сабаби, бошқа кўплаб босма нашрларнинг инқирози каби тушунарли – интернет сабаб давримизга информацион тақчиллик эмас, балки информацияга бўкиб қолиш хосроқ. Бунинг устига, ёш-у катта учун қизиқишларни осонликча қондириш имкониятини берувчи электрон воситалар қулайроқ. Умуман олганда, енгиллик турганда қийинроқ нарсани лозим топиш инсон табиатига зид. Табиатга қарши чиқиб бўлмайди. Шу учун ҳам босма нашрлар ҳозирда фақат «кўнгилли-мажбурий» обуна орқали умргузаронлик қиляпти. Бироқ...

Болаларни ёшлигидан илм-фанга қизиқтирувчи самарали манбалар бўлиши лозим ва лобуд эканлиги барча ривожланган давлатлар – миллатлар учун аксиома бўлиб улгурган. Бу йўлда улар ҳеч нарсани аяшмайди – бор имкониятлар сарфланади, маблағлар ажратилади, масала жамоатчиликнинг кўз ўнгида бўлади, ташаббуслар қўллаб-қувватланади. Зеро, қизиқишлари эндигина шаклланаётган ёш болалар бугун айнан илм-фанга қизиқишса, эртага бу омил маълум маънода миллатнинг умумий ҳолини белгилайди.

Ечимлар ҳақида

Болаларда умуман мутолаа маданиятини шакллантириш, сифатли китоб ва журналларни ўқишга қизиқтириш ҳақида гапирадиган бўлсак, бунга бир қанча омиллар даркор. Шуларнинг бошида турувчи омил – ота-оналарнинг маълум савия даражаси, оилалардаги ижобий, маърифий муҳит. Нимасини айтамиз, мазкур омил бизда ҳозир ачинарли аҳволда – маълум ва машҳур сабабларга кўра ҳозирда кейинги авлодга ота-оналик қилаётганлар авлоди маърифий нурли муҳитда етишмади. Демак, бу омилдан умид қилишимиз шу тобда  ўз-ўзини алдаш бўлади. Унда нима қилиш керак?

Интернет асри ечимларни айнан интернетда излашни тақозо этяпти. Мадомики, барча ахборот интернетга кўчиб ўтаётган экан ва бу жараёнга ҳеч нарса тўсиқ бўлолмаётган экан, уни – интернетни манфаатларимизга хизмат қилдиришимиз керак. Бу эса интернетнинг ўзбек сегментида, турли ресурсларда болалар учун юқори сифатли контент яратиш билан бўлади.

Мазкур тадбир тижорий томондан ўз-ўзини қоплаши амри маҳол бўлган, шу билан бирга, харажатли тадбир бўлгани боис, уни молиялаштириш давлат ва меценатлар измида бўлмоғи керак.

Сўз якунида «Жажжи академик» журнали ёпилиши муносабати билан ижтимоий тармоқларда янграган баъзи фикрларни келтирамиз:

Давронбек Тожалиев:

«Миллат яна бир ниҳолидан айрилди... 2015 йили АҚШнинг Орегон штатида 5000 киши яшайдиган кичкина шаҳарда бўлдик. Маҳаллий радиостанцияга таклиф қилишди. Шу шаҳар ва унинг атрофидаги шаҳарчалар аҳолисига хизмат қилувчи чоғроққина радиостанция бўлса, нима қиламиз у ерда, деган фикр ўтди.

Радиога боргандан сўнг тасаввурларим бутунлай ўзгарди. Икки қаватли замонавий бино, боғчаси ҳам бор. Ичкаридаги ускуналар барчаси янги, дид билан дизайн қилинган. Фонотекаси ҳам жуда катта: гарчи барча ёзувлар рақамлаштирилган бўлса-да, эски пластинкалардан тортиб, оригинал кассета ва дискларгача сақланади (тингловчи талабига кўра, рақамлаштирилган вариант эмас, айнан оригинал патефон, магнитофон ва диск плеердан қўйиб бериларкан). Бу ерда 20 нафарча ижодкор доимий ишлайди.

Радио муҳаррири билан суҳбатда у қизиқ воқеани сўзлаб берди: «Биласиз, интернет, янги ахборот технологиялари чиқиб, оммавий ахборот воситалари, айниқса, улардаги реклама бозори синди. Бу бўҳрон бизга ҳам таъсир қилди. Беш йил олдин деярли банкрот даражасига етдик. Станция фаолиятини давом эттириш учун ҳеч қандай ресурс қолмаганди. Бир кун ходимлар билан маслаҳат қилиб, радиони ёпишга ва бу ҳақда тингловчиларимизга маълум қилишга қарор қилдик.

Эртанги эфирда тингловчиларга мурожаат қилдик: «Ҳурматли ватандош тингловчилар. Сизнинг радионгиз 80 йилдан бери хонадонингиз аъзосига айланди. Яхши-ёмон кунларда сиз билан бирга бўлди. Бугун иқтисодий сабаблар туфайли сизни тарк этишга мажбур бўлмоқдамиз. 1 ойдан сўнг эфирларимиз тўлқиндан узилади. Сиз билан бирга бўлганимиздан фахр туямиз!»

Ушбу мурожаат шаҳримиз ва бизни атрофда эшитадиган 10 минг кишилик аҳолига қаттиқ таъсир кўрсатди. Шаҳар аҳли кампания уюштириб, радиони сақлаб қолиш учун пул йиға бошлади ва радио номига фонд очилди. Шу даражада кўп пул йиғилдики, биз радио биносини янгидан қурдик, ускуналарни замонавийлаштирдик. Фонддаги маблағ яна беш йил фаолиятимизга етади. Унга пул тушуми ҳали ҳам тўхтагани йўқ. Бизни ўз оила аъзоси деб билан ҳамшаҳарлардан миннатдормиз!»

Мен ўшанда Тинч уммони яқинидаги ушбу кичкина шаҳар аҳолисининг ҳамжиҳатлиги, дахлдорлик ҳиссига тан бергандим.

Бугун ўзбекнинг энг танти ношири Санжар Назарнинг «Жажжи академик» журнали ёпилаётгани ҳақидаги хабарини ўқиб, шулар хаёлимдан ўтди. Мен «келинглар, биз ҳам фонд очайлик, «Жажжи академик»ни сақлаб қолайлик» деб айтолмайман, афсус. Журнал жон сақлашига етгулик маблағ йиғилишига, лоақал давлат ёки катта меценатлар бирор ёрдам беришига, афсуски, ишониш қийин. Зеро, бу ҳақда Санжар ака аввал ҳам огоҳлантирган эди. Ака 7 йил давомида катта иш қилди. Маърифат учун ўз маблағини тикди-тикди, умид қилди. Натижа сен кутгандай бўлмаса, оқибат шундай бўлиши табиий.

«Жажжи академик» ўзбек болалар дунёсида замонавий янги саҳифа очди. Миллат болаларининг чин камолоти учун хизмат қилди.

Миллат яна бир ниҳолидан айрилди... Ўрнини хайрлиси билан тўлдирсин!»

Ҳусан Эрматов:

«Жажжи академик» «иқтисодий қийинчиликлар» боис ёпиляпти, гўё... Йўқ, аслида бу ноёб топилма, билимга чанқоқ болаларнинг суюмли дўсти иқтисодий қийинчилик сабаб эмас, миллатнинг ўз келажагига бефарқ бўлаётгани, маърифатга эҳтиёж «қолмагани», болаларимизнинг эртанги кунига бефарқ бўлиб «пишиб етилганимиз» сабабли ёпиляпти. Бунинг учун маънавият деган соҳанинг орқасидан ўттиз йилдан бери нон еётган ноинсофлар, маърифатни болалардан узоқлаштириб хоинлик қилаётганларни бир куни қарғишлар тутишига шубҳа қилмайман!»

Шокир Шарипов

Шокир Шарипов
Тайёрлаган Шокир Шарипов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид