Ўзбекистон | 21:27 / 06.12.2020
66666
5 дақиқада ўқилади

Мактабларда учта таътил ўрнига узайтирилган қишки таътилни жорий этиш таклиф қилинди

25 декабрдан 2 февралгача давом этадиган қишки таътилни жорий этиш, биринчи ва сўнгги қўнғироқ кунларини 26 август ва 31 май этиб белгилаш, бошланғич синфларда дарслар давомийлигини 45 дақиқадан 40 дақиқага тушириш таклифи илгари сурилмоқда.

Ўзбекистонлик бир гуруҳ зиёлилар умумтаълим мактабларидаги ўқув йили тақвимини ўзгартиришни таклиф этмоқда. Таклиф ташаббускорларнинг Telegram'да ташкил этган «Илм-фан ва таълим» каналида эълон қилинган.

Фаолларнинг сўзларига кўра, кўплаб ривожланган давлатларда мактаблардаги ўқув йили бошланиши, таътил кунлари ва дарс машғулотлари давомийлигининг белгиланиши асосан таълим мақсадларидан, ташкилий масалалардан ҳамда иқлим шароитларидан келиб чиқиб амалга оширилади.

«Умумтаълим мактаблари ўқувчилари, айниқса, бошланғич синф ўқувчиларининг куз-қиш мавсуми даврида ўқув машғулотларига қатнашидаги қатор ноқулайликларни ўқув йилининг бошланиши, тугаши ҳамда таътил кунларининг муддатини ўзгартириш ва дарс машғулотлари давомийлигини қисқартириш орқали сезиларли даражада бартараф этиш мумкин.

Республикамиздаги 10 мингга яқин умумтаълим мактабларининг аксарияти қишлоқ ҳудудларда жойлашгани, ушбу мактабларга 3 км радиусда жойлашган хонадонлардан ички йўлларнинг ҳозирги ҳолатида қиш кунларида, ёғингарчиликлар даврида ҳам ўқувчиларнинг, айниқса, бошланғич синф ўқувчиларининг пиёда қатнаб ўқиётгани, бу даврда ўқувчилар касал бўлишларининг кескин кўпайиши, умумтаълим мактабларининг марказий иситиш тизимларига уланмагани ҳамда куз-қиш мавсумида иссиқлик ва электр-энергиясига бўлган эҳтиёжнинг кескин ортиб кетиши натижасида энергия танқислиги вужудга келиши, таълим муассасаларини куз-қиш мавсумида иситиш учун ва электр энергияси учун, жумладан, кўмир сотиб олиш учун давлат бюджетидан 80–100 млрд сўмга яқин маблағлар сарфланаётгани масаланинг долзарблигини кўрсатади», – деб ёзади таклиф матнида.

Ташаббускорлар гуруҳи қуйидаги таклифларни илгари сурган:

  • Ўқув йилининг бошланишини 2 сентябр куни ўрнига 26 август, тугашини эса 25 май ўрнига 31 май деб белгилаш;
  • Ўқувчилар учун амалдаги 4–9 ноябр, 28 декабр–10 январ, 21–27 март кунларидаги таътил кунлари ўрнига 25 декабрдан 2 февралгача қишки таътилни жорий этиш;
  • Ёзги таътил вақтининг икки ҳафтага қисқариши муносабати билан ўқитувчилар учун 11–25 январ кунлари давомида икки ҳафталик ҳақ тўланадиган меҳнат таътилини бериб бориш;
  • 2-чораклар ҳамда 3– ва 4-чораклар оралиғида қисқа муддатли таътил зарур деб ҳисобланса, 1– ва 3-чоракнинг охирги ўқиш куни машғулотларини ҳамда 2– ва 4-чоракнинг биринчи ўқиш куни машғулотларини тегишли чораклардаги бошқа ўқиш кунларида ўтиш ҳисобига чораклар орасида икки кунлик таътил белгилаш.

Фаолларга кўра, бу таклифни амалга ошириш учун деярли маблағ сарфланмайди; аксинча, бир неча ўн миллиард сўм маблағ тежалиши мумкин.

«Энг муҳими – қиш мавсумида ўқувчи ва ўқитувчиларга анча енгиллик яратилади.

Ўқув йили муддатларини керак бўлса ҳар йили ўзгартириш тажрибаси ривожланган давлатларда анча йиллардан бери қўлланилади, Канада бунга бир мисол», – деб ёзади ташаббускорлар гуруҳи.

Бундан ташқари, таъкидланишича, ўқувчилар ёши ва жисмоний ривожланганлик даражаси ҳар хил бўлишига қарамасдан, шунингдек, ноқулай об-ҳаво шароитларида, яъни ўта иссиқ ёки совуқ кунларда иситиш ёки совитиш тизимлари билан жиҳозланмаган ҳамда 2-3 сменада ўқитиладиган мактабларда ҳам дарс машғулотининг давомийлиги бир хил – 45 дақиқа деб белгиланган. Бу эса, ўқувчиларга, айниқса, бошланғич синф ўқувчиларига қийинчиликлар туғдирмоқда.

Шундан келиб чиқиб:

  • бошланғич синф ўқувчилари учун дарс машғулоти давомийлигини 40 дақиқа деб белгилаш (бунда бошланғич синфлар учун танаффус вақтини 5 дақиқага узайтириш орқали барча синфлардаги дарс вақтининг бошланишини бир хил қилиш мумкин);
  • туман ёки шаҳар халқ таълим бўлимлари рухсати билан ноқулай об-ҳаво шароитларида, яъни ўта иссиқ ёки совуқ кунларда иситиш ёки совитиш тизимлари билан тўлиқ жиҳозланмаган, шунингдек, 2-3 сменада ўқитиладиган умумтаълим мактабларида дарс машғулотининг давомийлигини 5 дақиқага қадар қисқартиришга рухсат бериш амалиётини жорий этиш таклиф этилмоқда.

Бу таклифларнинг жорий этилиши билан қуйидаги натижаларга эришилиши мумкин:

  • куз-қиш мавсуми давридаги иситиш ва электр энергияси сарфи 30 фоиз атрофида тежалади; бу мақсадлар учун харажатлар 20-30 млрд сўмга камаяди;
  • ҳозирги кунда бир вақтга тўғри келаётган Мустақиллик байрами, Биринчи президентни хотирлаш куни ҳамда Билимлар кунларининг тарбиявий-маънавий таъсирчанлигини ошириш мумкин;
  • ўқувчиларга, айниқса, бошланғич синф ўқувчиларига қулайликлар яратилади;
  • бошланғич синф ўқитувчиларининг дарс машғулотларидаги меҳнат сарфи 10 фоизга яқин қисқаради;
  • ўқитувчилар учун ўқув йили ўртасида ҳам меҳнат таътилига чиқиш ва ўз устида ишлаш учун қўшимча имконият пайдо бўлади;
  • Президент фармонида белгиланган «Ўзбекистон бўйлаб саёҳат қил» ички туризмни ривожлантириш дастурини амалга ошириш бўйича таълим муассасалари ўқувчилари, раҳбар-ходимлари учун қўшимча имкониятлар яратилади.

Қайд этилишича, таклиф «Менинг фикрим» жамоавий мурожаатлар порталига ҳам жойланган. Таклифнинг порталда эълон қилиниши масаласи модераторлар томонидан ҳал этилади.

Мавзуга оид