Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Бу Ўзбекистоннинг инвестицион жозибадорлигига салбий таъсир кўрсатмоқда – қўмита вакили кўчирмакашлик ва инсофсиз рақобат ҳақида
Colgate, Red bull, Samsung, Coca-Cola, Sanofi, Mars, Nestle, Lada ва бошқа кўплаб брендлар Ўзбекистон тадбиркорлари уларнинг маҳсулотлари кўринишини ўғирлаган ҳолда товар ишлаб чиқариб сотаётгани юзасидан Монополияга қарши курашиш қўмитасига мурожаат қилишган. Бу ҳақда қўмита раисининг биринчи ўринбосари Бобур Каримов 7 декабрь куни АОКАда ўтказилган матбуот анжуманида маълумот берди.
Мутасадди бундай қонунбузилиш ҳолатлари мамлакатнинг инвестицион жозибадорлигига салбий таъсир кўрсатиш баробарида республикада инсофсиз рақобат авж олишига сабаб бўлаётганини айтиб ўтди.
«Бугунги кунда инсофсиз рақобат озиқ-овқат маҳсулотлари, фармацевтика ва салқин ичимликлар бозорида кўп учрамоқда. Яъни маълум бир тадбиркор ўз брендини ривожлантириш мақсадида анчагина пул харажат қилиб бозорда танилиб олганидан кейин яхшигина даромад оламан деб турган пайтда инсофсиз рақобатчилар маркетингга пул кетказгиси келмайди-да, битта ҳарфини ёки кўринишини ўзгартириб қўяди.
Кўп истеъмолчилар, айниқса ёшлар харид вақтида кўриниши кўчирилган маҳсулот номини ўқиб кўрмайди. Товар қайсидир маҳсулот брендини эслатса бўлди, «бу ҳам ўша ишлаб чиқарувчининг янги маҳсулоти бўлса керак», деб ўйлайди ва сотиб олади. Бу қонунбузилиш ҳолати ҳисобланади. Натижада Ўзбекистоннинг инвестицион жазибадорлигига путур етади.
Чунки ушбу мамлакат ҳудудида фаолият юритаман деб келаётган чет эл инвесторлари Ўзбекистонда уларнинг интеллектуал мулкка оид ҳуқуқлари ҳимоя қилинишига ишончи ҳосил бўлиши керак.
Биз шу пайтга қадар анчагина чет эл инвесторларига тегишли брендларини Ўзбекистондаги инсофсиз рақобат ҳолатларидан ҳимоя қилдик.
Масалан, Colgate, Red bull, Samsung, Coca-Cola, Sanofi, Mars, Nestle, Lada ва бошқа кўплаб брендлар қўмитамизга инсофсиз рақобат масаласида мурожаат қилишган. Яъни бизнинг тадбиркорлар уларнинг товарларининг ташқи кўринишини «копия» қилиб сотаётгани ҳақида шикоятлар келиб тушган», дея раис ўринбосари сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.
Маълум қилинишича, қўмитага 2020 йил январь-ноябрь ойлари давомида инсофсиз рақобат масаласида 242та ариза келиб тушган. Шундан 48та корхона қонунларни бузганини тан олган. 2019 йилда эса бу рақамлар 195тани ташкил этганди.
Мавзуга оид
11:40 / 09.06.2025
Самарқанд вилояти ҳокимига янги ўринбосар тайинланди
10:07 / 03.03.2025
Бир қатор хўжалик юритувчи субъектларнинг эксклюзив ҳуқуқлари бекор қилинади
13:04 / 23.10.2024
Телекоммуникация соҳасида операторлар ва провайдерларга адолатли рақобат муҳити таъминланади
19:03 / 15.10.2024