Анжуманда қатнашган Kun.uz мухбири Комилжон Тожибоевнинг экологияга доир қатор масалалар юзасидан фикрлари билан қизиқди. Партия раҳбари ўз сўзида муаммолар ҳал этилиши учун аввало жамиятда яшилликка нисбатан муносабат ўзгариши лозимлигини таъкидлади.
«Мораторий тугашини кутиб турганлар бор»
— Тўғрисини айтганда, мораторий тугашини ва давом этмаслигини кутиб турганлар бор. Мораторийни чўзиш тўғрисидаги таклиф тайёрланиб, тегишли ваколатли давлат ташкилотларига топширилган.
Дарахтларни буташ ниқоби остида дарахтларни каллаклаш (бу кундаки кесиш ҳам дейилади) ҳолатлари кузатиляпти. Биз мораторийга киритиладиган ўзгариш билан каллаклаш ҳолатлари бўлмаслигига ҳам эришишимиз керак.

Масалан, биз чинорга нима деб қараймиз? Қўлига арра олиб, чинорни кесишга борган одамнинг мақсади нима бўлади? У чинорни нимагадир халал бераётган объект деб кўради. Ваҳоланки, чинорга – нафақат соя бериб турадиган дарахт, балки у Марказий Осиёнинг, Ўзбекистоннинг норасмий миллий рамзларидан бири сифатида қарашни шакллантиришимиз лозим.
Ёки бўлмаса, қайрағоч. Ҳудудларда кўкаламзорлаштириш учун қайрағочдан фойдаланайлик, десак, қайрағоч йўқ. Қайрағоч қаерлардадир сақланиб қолди холос. Узоқ йиллик қадимий қайрағоч дарахти бизда оддий бир дарахт сифатида қабул қилиниб келиняпти, холос.
Экологик полиция ташкил этиш ҳақида
— Бу – энг оғриқли масалалардан биттаси. Буни, ўзингиз яхши биласиз, бугундан бошлаб, Экологик полицияни ташкил қилган тақдиримизда ҳам, бу бир кунда бўладиган ҳолат эмас. Бу – жамиятдаги яшилликка бўлган муносабатни ўзгартирмагунча, ҳеч қачон бунга эриша олмаймиз.
Бунинг йўли қанақа? Тушунтириш, жарима солиш, қонунчиликни такомиллаштириш билан баробар олиб борилиши лозим.
Экологик полиция тўғрисидаги биринчи таклифлар чиққан пайтда, мен ҳам бу масалада кўп ўйладим. Кейинчалик, экологик прокуратура ташкил этилганидан кейин, балки шу орқали қанчадир функция бажарилар, деган масала ҳам келди. Лекин экологик полицияни ташкил этишга оид жараёнларни ҳам давом эттириш керак.

















