Жаҳон | 17:57 / 08.12.2020
6768
2 дақиқада ўқилади

Лукашенко Халқаро олимпия қўмитаси қарори бўйича судга мурожаат қилишини айтди

Аввалроқ Халқаро олимпия қўмитаси президенти Томас Бах Беларус Миллий олимпия қўмитаси раҳбарларига ташкилотнинг барча тадбирларида қатнашиш тақиқланганини маълум қилганди. 

Фото: РИА Новости

Беларус президенти Александр Лукашенко Халқаро олимпия қўмитасининг республика миллий олимпия қўмитаси раҳбарияти, шунингдек, унинг ўзига нисбатан санкциялар жорий этиш тўғрисидаги қарори бўйича судга мурожаат қилишини айтди.

 "Судга мурожаат қилишимиз керак. (ХОҚ президенти Томас) Бах ва унинг тўдаси айбим нима эканлигини айтсин. Айбим, мамлакатимни ҳимоя қилаётганимми?" – дея Лукашенкодан иқтибос келтирмоқда БелТА агентлиги.

 Беларус президенти Олимпиада тадбирларида қатнашишни режалаштирмагани, аммо ХОҚ қароридан норози эканлигини билдирди.

"25 йилдан бери бу тадбирларда қатнашмайман, бундан кейин ҳам қатнашмайман. Аммо сизлар нима, барча мамлакатларни тўплаб қарор қабул қилдингизми?" – деб қўшиб қўйди у.

 Лукашенко ўзи юритаётган сиёсатни одилона деб атади.

"Дунёда адолат йўқ. Агар одилона сиёсат олиб борсанг – душманга айланасан", - деди Беларус президенти.

 Душанба куни Халқаро олимпия қўмитаси президенти Томас Бах Беларус Миллий олимпия қўмитаси раҳбарларига ташкилотнинг барча тадбирларида қатнашиш тақиқланганини маълум қилди. Ушбу чора ҳозирча вақтинчалик тусга эга бўлиб, миллий олимпия қўмитаси раҳбариятига навбатдаги сайлов бўлиб ўтадиган 2021 йил февралгача амал қилади,

 ХОҚ қарорига кўра, МОҚ президенти Александр Лукашенко ва унинг ўғли, қўмита вице-президенти Виктор Лукашенко ҳамда ижроия қўмитаси аъзоси Дмитрий Басков Олимпиада билан боғлиқ тадбирларда қатнаша олмайди.

 Навбатдаги Олимпиада ўйинлари 2021 йил ёзда Токиода бўлиб ўтади. Ўйинлар коронавирус пандемияси сабабли бир йилга кечиктирилган.

Мавзуга оид