Экология инспектори ноқонуний овчиларга қарши рейд вақтида ЙТҲга учраб вафот этди
Қорақалпоғистон Республикаси Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш қўмитаси Мўйноқ тумани экология инспектори Шамил Торежанов ноқонуний овчилар сабабли ўтказилган рейд вақтида автоҳалокатга учраб ҳалок бўлди.
Давлат экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш қўмитаси вакили Мўйноқдаги бошқарма инспектори ноқонуний овчилар сабабли ўтказилган рейдда йўл-транспорт ҳодисасига учраб, вафот этганини маълум қилди, деб хабар бермоқда Kun.uz мухбири.
«Орол денгизининг қуриган майдонида ноқонуний овчилар юрганлигидан хабар топган Мўйноқ экология инспекцияси бошлиғи Т.Тилеумуратов, инспекторлар Ш.Торежанов, А.Мамбетназаров автомашинада йўлга чиққан. Йўлда автомобилнинг шинасига шикаст етиб, йўлдан чиқиб кетган ва автоҳалокатга учраган.
Ҳодиса жойида фидойи инспектор Ш.Торежанов оғир жароҳат олиб, аҳволи оғирлашган, кўп ўтмай унинг жони узилган. Кимсасиз чўлда уларга тез ёрдам кела олмаган. Ҳодиса юз берган ҳудудда мобил алоқа ишламагани сабабли хабар беришнинг ҳам иложи бўлмаган. Энг яқин одам яшайдиган жой эса 45 километр узоқликда бўлган», — дейилади хабарда.
Бахтсиз ҳодиса тафсилотини баён қилган Т.Тилеумуратовнинг таъкидлашича, у вақтни чўзмай, Орол денгизининг қирғоғида артемия йиғиш билан шуғулланадиганларни ёрдамга чақириш учун пиёда кетган. Яна бир шериги бахтсиз ҳодиса жойида қолган.
Таъкидланишича, Тилеумуратов изғирин совуқда 45 километр йўл босиб, тунда денгизнинг қирғоғидаги лагерларга етиб борган. Лекин артемиячиларда фақат ботқоқликда юра оладиган транспорт бўлган ва у тунда юра олмаган. Инспекция бошлиғи шу жойдан телефон орқали Мўйноққа хабар қилган.
Ҳозирда воқеа бўйича суриштирув ишлари олиб борилмоқда.
Мавзуга оид
16:23 / 29.07.2024
Волгоград областида йўловчи поезд юк машина билан тўқнашди
15:50 / 27.07.2024
АҚШда 38 яшар ўзбекистонлик тракчи ЙТҲ туфайли вафот этди
13:07 / 27.07.2024
Қамчиқ довонида 3 та юк автомобили ва Mercedes-Benz Sprinter иштирокида ЙТҲ юз берди
07:35 / 27.07.2024