Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Қозоғистонда ЙТҲга учраган ўзбекистонлик қиз ватанга қайтарилди
Қозоғистоннинг Атирау областида ЙТҲга учраб оғир жароҳат олган 17 ёшли ўзбекистонлик ватанга олиб келинди. Шунингдек, Латвияда инсултни бошдан кечирган ва Россияда қийин аҳволга тушиб қолган яна икки фуқаро ҳам шифокорлар кузатувида Ўзбекистонга қайтарилди.
Миграция агентлиги Қозоғистон, Латвия ва Россияда қийин аҳволга тушиб қолган уч нафар Ўзбекистон фуқаросини ватанга қайтарди. Бу ҳақда агентлик матбуот хизмати хабар берди.
17 ёшли қиз Россияга Қозоғистон орқали автотранспортда йўл олган вақтда Атирау вилоятида бахтсиз ҳодисага учраган. Оқибатда у оғир жароҳатлар олиб, бир нечта жарроҳлик амалиётини бошдан кечирган.
Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази мутахассиси маълум қилишича, беморда бешинчи бўйин умуртқаси синган ва орқа мия фаолияти бузилиши кузатилган.
«17 ёшли беморимиз Атирау шаҳрида йўл-транспорт ҳодисаси туфайли жароҳат олиб, бешинчи бўйин умуртқаси синган. У икки марта операция қилинган. Ўзбекистонга мурожаат қилингач, беморни тўлиқ интенсив терапия назорати остида ватанга олиб келдик», – дейди шифокор.
Унинг сўзларига кўра, бемор ҳозирда Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий марказига ётқизилган, аҳволи қониқарли.
Миграция агентлигига кўра, Латвияга мустақил равишда ишлаш учун кетган яна бир ўзбекистонлик ҳам ватанга қайтарилган. У кафолатланган иш ўрни билан таъминланмаган ва кучли руҳий босим оқибатида инсултни бошдан кечирган. Даволанишдан сўнг унга шифокорлар назорати остида Ўзбекистонга қайтишга рухсат берилган.
Агентлик шу каби ҳолат Россияда ҳам кузатилганини маълум қилди. Идорага кўра, қийин аҳволга тушиб қолган яна бир фуқаро ҳам Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан ажратилган шифокорлар кузатувида Ўзбекистонга олиб келинган.
Миграция агентлиги фуқароларни хорижга ишлаш учун фақат хавфсиз, қонуний ва кафолатланган йўллар орқали боришга чақириб, хорижда оғир аҳволга тушиб қолган Ўзбекистон фуқароларига зарур ёрдам кўрсатиш ишлари давом эттирилаётганини таъкидлаган.
Мавзуга оид
11:10 / 01.07.2026
Тошкентда Tracker ва BYD иштирокида ЙТҲ содир бўлди
10:15 / 01.07.2026
Қамчиқда ёнилғи ташувчи махсус автомобил ЙТҲга учради
22:06 / 30.06.2026
Тўқаев Қозоғистондаги ҳокимиятда кенг кўламли ўзгаришларни эълон қилди
17:56 / 30.06.2026