Ҳазорасп тумани, Овшар қишлоғи, «Истиқлол» маҳалласидаги «Хакимов Хакимжон» фермер хўжалиги 2005 йилда Дўстжон Хакимов томонидан пахта-ғалла йўналиши бўйича ташкил қилинган. 2019 йилдаги «оптималлаштириш» натижасида ер майдонлари 108,6 гектарга етказилган. Касби мелиоратор-ирригатор бўлган 66 ёшли Дўстжон ака шу йилнинг ёзигача ерлардан фойдаланиб келаётган эди.

2020 йил 7 июл куни Боғот туманлараро иқтисодий суди Ҳазорасп тумани ҳокимлигининг даъвосини қаноатлантириб, «Хакимов Хакимжон» фермер хўжалиги ерларини туман захира ерлари ҳисобига қайтариш ҳақида қарор чиқарди. Фермернинг сўзларига кўра, ҳокимлик ерни қайтариб олиш учун судга қалбаки ҳужжатларни тақдим қилган. Аммо бу ҳолатга шу пайтгача ўтказилган суд маҳкамаларида ҳуқуқий баҳо берилмай келмоқда.

Нима воқеа юз берди?

2020 йил апрел ойида Ҳазорасп тумани ҳокимлиги «Хакимов Хакимжон» фермер хўжалиги ерларини давлат захирасига қайтариш учун биринчи ва муваффақиятсиз уринишни амалга оширган. Бу ҳақда Kun.uz сайтида «Ҳазорасплик фермер ердан маҳрум қилинди, у мутасадди ташкилотлар ишидаги чалкашликлардан шикоят қилмоқда» номли мақола эълон қилинган эди.

2020 йил ёзида Ҳазорасп тумани ҳокимлиги «Хакимов Хакимжон» фермер хўжалиги ерларини давлат захирасига қайтариш учун иккинчи уринишни амалга оширади. Жумладан, фермер хўжалигининг 109,8 гектар ерини давлат захирасига қайтариш сўралиб, Иқтисодий судга даъво аризаси киритилган. Эътибор берган бўлсангиз, ер майдони 108,6 гектар эмас, айнан 109,8 гектар деб кўрсатилган. Дарҳақиқат шундай, бу жойда рақамлар тўғри келтирилган.

2020 йил 7 июлда Боғот туманлараро иқтисодий суди Ҳазорасп тумани ҳокимлигининг даъво аризасини қаноатлантирди ва «Хакимов Хакимжон» фермер хўжалигининг «109,8 гектар ер майдонини» туман захира ерлари ҳисобига қайтариш ҳақида қарор чиқарди. Бу сафар туман ҳокимлигининг уриниши «муваффақиятли» бўлди.

Суд қарор қабул қилишда Ҳазорасп тумани ҳокимлиги билан «Хакимов Хакимжон» фермер хўжалиги ўртасида «109,8 гектар ер»дан фойдаланиш учун ижара шартномаси тузилмаганини, бу Ер кодексининг 31-моддасига зид эканини таъкидлаб, фермер ерлардан ноқонуний фойдаланиб келган деб ҳисоблади.

Дарҳақиқат, Ер кодексининг 31-моддасида ер участкасига бўлган ҳуқуқнинг қачон вужудга келиши баён этилади. Яъни юридик ва жисмоний шахсларнинг ер участкасига бўлган ҳуқуқи жойнинг ўзида чегаралар белгиланганидан, ер участкаларининг планлари (чизмалари) ва тавсифлари тузилиб, ер участкаларига бўлган ҳуқуқ давлат рўйхатига олинганидан кейин вужудга келади. Оддийроқ шарҳ берадиган бўлсак, ерни ижарага олиш шартномаси тузилиб, имзоланиб, давлат рўйхатига олинмагунча ердан фойдаланиш мумкин эмас.