Фан-техника | 21:40 / 09.12.2020
8418
2 дақиқада ўқилади

Энергия сиғими литий-ион батареялардан 2 баробар кўп янги батареялар тақдим этилди

АҚШ компанияси тақдим этган янги литий-металл батареялари 800та қувватлаш циклидан кейин ҳам ўз сиғимдорлигининг 80 фоиздан кўпроғини сақлаб қолади.

Фото: theverge.com

АҚШнинг QuantumScape компанияси ҳозирда кенг қўлланувчи литий-ион батареялар ўрнини босувчи литий-металл батареяларни тақдим этди. 

Янги турдаги батареяларни ишлаб чиққан мутахассисларнинг таъкидлашича, батареялар стандарт литий-ион батареялардан анча самаралироқ. Мисол учун, улар электромобилларга ҳозирдагидан 80 фоиз кўпроқ масофа босиб ўтиш имконини беради.

Бундан ташқари, янги батареялар 800та қувватлаш циклидан кейин ҳам ўз сиғимдорлигининг 80 фоиздан кўпроғини сақлаб қолади. Таъкидланишича, янги аккумуляторлар олий синфдаги литий-ион батареяларидан 2 марта кўпроқ энергия сиғимдорлигига эга бўлади. Улар совуқ ҳароратларда ишламай қолиш, носозликларда алангаланишга мойил эмас ва ишлаб чиқаришда самаралироқ ҳисобланади.

Компания хабарига кўра, янги батареялар узоқ вақт хизмат қилади ва юз минглаб мил йўл юришга етади. Мутахассислар бунга литий-ион батареялардаги анодда суюқ электролит ва углерод ўртасидаги иккиламчи реакцияни бартараф этиш ҳисобига эришишган. Яна бир эътиборли жиҳати, янги батареялар тезроқ қувватлана олади: уларни 80 фоизга тўлдириш учун 15 дақиқа етади, ваҳоланки оддий аккумуляторда бунга 40 дақиқа ва ундан кўпроқ вақт кетади.   

Стартап директори Жагдип Сингхнинг таъкидлашича, янги литий-металл батареялар қуввати ҳаттоки электр самолётларни энергия билан таъминлашга имкон беради.

Янги аккумуляторларни 2024 йилдан Volkswagen автомобилсозлик концерни билан биргаликда ишлаб чиқариш режалаштирилмоқда.

Мавзуга оид